Volkswagen Ўзбекистонда “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқаришни бошлайди

Германиянинг Volkswagen автоконцерни ва “Ўзавтосаноат” ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Volkswagen Passenger Cars’нинг сотувлар, маркетинг ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш бўйича бошқарув кенгаши аъзоси Мартин Сандер LinkedInдаги саҳифасида ёзган.

“Мен буни ёзаётганимда, Volkswagen’нинг Ўзбекистон бозорига стратегик кенгайишини англатувчи, улкан салоҳиятга эга Марказий Осиёдаги тез ривожланаётган ва шиддатли ўзгараётган марказ бўлган ушбу янги шартноманинг сиёҳи қуримаган”, — деди Сандер.

Унинг сўзларига кўра, даромадлар даражасининг ўсиши туфайли мамлакат автомобиль буми арафасида турибди. “Volkswagen брендининг кучи, айниқса, сифатли немис автомобилларига интилаётган Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган ўрта синфи учун жуда жозибали”, — дея таъкидлади у.

Сандер, шунингдек, мамлакат аҳолисининг ортиб бориши қўшимча талаб яратаётганини таъкидлади: “Бу шуни англатадики, ҳозир ҳам, келажакда ҳам ишончли автомобилларга янада кўпроқ эҳтиёж бўлади”.

У бренд портфели ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг кутилмаларига жуда мос эканлигини қўшимча қилди. “Бизда 8 та услубли седан ва кенг йўлтанламас автомобиллар мавжуд – айнан ўзбекистонлик харидор излаётган нарса”, — дея ёзди Сандер.

Volkswagen ўз Хитой базаси орқали етказиб беришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда: “Ўзбекистон Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган ва биз унга Volkswagen China орқали самарали хизмат кўрсатишимиз мумкин. Ишлаб чиқариш базамизга яқинлик логистика харажатларини сезиларли даражада қисқартиришга ва углерод изини камайтиришга имкон беради”, — дея таъкидлади компания вакили.

Автомобиль ишлаб чиқариш маҳаллий даражада “Ўзавтосаноат”нинг шўъба корхонаси – Alyans Auto билан ҳамкорликда йўлга қўйилади.

“Биз минтақада муҳандислик ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан танилган Alyans Auto билан маҳаллий SKD-ишлаб чиқаришни (йирик узелли йиғув) йўлга қўйишдан бошлаймиз”, — деди Сандер. У UzAuto Ўзбекистон автомобиль бозорида етакчи эканлигини эслатди.

“Ўзавтосаноат” матбуот хизмати компаниялар ўртасидаги келишув IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланганини маълум қилди. Шартнома замонавий енгил автомобиллар – седанлардан тортиб тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача бўлган моделлар қаторини кенгайтиришни назарда тутади.

Лойиҳа доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, технологияларни ўтказиш ва мамлакат автомобиль саноатининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш режалаштирилган. Серияли ишлаб чиқариш 2025 йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.

Volkswagen’нинг Ўзбекистонга такроран кириб келиши

2020 йилда “Ўзавтосаноат” ва Volkswagen Group Rus (Volkswagen’нинг Россиядаги “шўъбаси”) “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида Жиззах автомобиль заводи (Jizzakh Auto) базасида енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаган эди.

Ўша йил ёзда Жиззах автомобиль заводи базасида Volkswagen тижорат автомобиллари, кузда эса Škoda (1991 йилдан Volkswagen гуруҳи таркибига киради) сотуви бошланган эди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Volkswagen Россия бозорини тарк этишга қарор қилди. 2023 йил май ойида компания Россиянинг Avilon автодилерига қайта сотиб олиш опционисиз сотилган эди.

2022 йил август ойидан бошлаб Volkswagen’нинг Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларида хабарлар пайдо бўлиши тўхтаган.

2019 йилдан бошлаб корхона Jizzakh Auto бренди остида Volkswagen ва Škoda’нинг расмий ишлаб чиқарувчиси ва дистрибютори сифатида фаолият юритган. 2025 йилда Volkswagen’дан BPDD корпоратив аудити натижаларига кўра, компания ребрендинг қилди ва “Alyans Auto” номи остида фаолиятини давом эттирди.