
Ўзбекистон ички бозорида хорижий валюта таклифи 2025 йил январь-октябрь ойларида талабга қараганда тезроқ ўсди. Бу ҳақда Марказий банкнинг валюта бозоридаги ҳолатга оид шарҳида айтилган.
2025 йилнинг ўн ойи давомида хорижий валютага бўлган талаб 48,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга ошди (39 млрд доллар). Таклиф ҳажми (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 41,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилги даражадан 26,5 фоизга юқори.
Марказий банк монетар олтин харид қилиш ҳисобига юзага келган ортиқча ликвидлик регуляторнинг валюта операциялари ва бошқа пул-кредит сиёсати инструментлари орқали стерилизация қилинганини қайд этмоқда.
Компаниялар валюта таклифини талабдан тезроқ оширди.
Юридик шахсларнинг валютага бўлган талаби 24 фоизга ошиб, 38,7 млрд долларни ташкил этди, уларнинг валюта таклифи эса 38 фоизга ошиб, 20,1 млрд долларни ташкил қилди.
Корхоналарнинг экспорт тушуми 14,5 млрд долларга етди (+18%), бундан 8,1 млрд доллари (56%) ички бозорда сотилган — бу бир йил аввалгига нисбатан 23 фоизга кўп.
Бундан ташқари, банклар хорижий кредитлар ҳисобига жалб қилинган 7,3 млрд долларни бозорда сотди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга кўп.
Аҳолининг валюта сотуви харидлардан 7,8 млрд долларга ошди.
Фуқаролар банкларга 17,4 млрд доллар сотди, бу 2024 йилги даражадан 1,3 баробар кўп. Шу билан бирга, аҳоли 9,6 млрд доллар миқдорида валюта сотиб олди (+24%).
Жисмоний шахслар операцияларининг ижобий сальдоси — 7,85 млрд доллар — бозорда қўшимча таклифнинг муҳим манбаига айланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 44 фоизга кўп (5,5 млрд доллар).
Асосий ҳиссани халқаро пул ўтказмалари таъминлади: мамлакатга 15,8 млрд доллар келиб тушди (+25%), чиқиб кетиш эса 2,2 млрд долларгача қисқарди (-147 млн доллар).
Курсга таъсир кўрсатган омиллар
Марказий банк сўм алмашув курсининг динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанати, шунингдек, ташқи ва макроиқтисодий омиллар билан белгиланганини кўрсатмоқда.
Курснинг мустаҳкамланишига экспорт тушумларининг ўсиши, ташқи кредитлар ва пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши, шунингдек, импортнинг барқарорлиги ва хорижий инвестицияларнинг кенгайиши ёрдам берди.
2025 йил бошидан буён сўм долларга нисбатан 7,3 фоизга мустаҳкамланди — 12920,48 сўмдан 11971,4 сўмгача. Таққослаш учун: ўтган йилнинг шу даврида миллий валюта 4,1 фоизга қадрсизланган эди.

