Тошкентдаги вагонларни таъмирлаш депосидаги ёнғин деярли уч соат давомида ўчирилди

16 майга ўтар кечаси Тошкентнинг Шимолий вокзали ҳудудидаги вагонларни таъмирлаш депоси ҳудудида катта ёнғин содир бўлди. Пойтахт ФВБга ёнғин ҳақида хабар соат 23:58 да келиб тушган.

Аланга бир неча километр узоқликдан кўринган. Яқин атрофдаги мавзелар аҳолиси кучли ис гази ҳидини сезганликларини хабар қилишган.

ФВБ хабарига кўра, соат 0:03 да воқеа жойига ўт ўчириш экипажлари етиб келган. Ёнғин соат 1:31 да локализация қилиниб, соат 2:48 да ўчирилган.

Ёнғин натижасида жабрланганлар йўқ. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмади. Воқеа сабаблари аниқланмоқда ва зарар миқдори баҳоланмоқда.