Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 16/02/2026

UzTest маркази тугатилади, аккредитация маркази эса «Ўзстандарт» бошқарувидан чиқарилади

Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 12 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевга ўтказилган тақдимот давомида сўз борди.

Тизимда институционал ўзгаришлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») тузилмасидаги ташкилотлар сонини UzTest илмий синов ва сифат назорати марказини тугатиш ҳамда Аккредитация марказини Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказиш ҳисобига 5 тадан 3 тагача қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, синов ва сертификатлаштириш хизматларини тўлиқ хусусий секторга топшириш таклиф этилмоқда. Ҳозирда хусусий секторда иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олувчи 207 та синов лабораторияси ва 73 та сертификатлаштириш идораси фаолият юритмоқда.

Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун Intertek (Буюк Британия), SGS (Швейцария), Bureau Veritas (Франция) ва TÜV (Германия) каби етакчи халқаро компанияларни жалб қилиш режалаштирилган.

Тақдимотда, шунингдек, «СUz» миллий мувофиқлик белгисини жорий этиш, аккредитация органлари мустақиллигини таъминлаш, синов лабораториялари фаолиятини рақамлаштириш, метрология тизимини ислоҳ қилиш ва эталон базасини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

UzTest фаолияти бир неча бор танқидларга сабаб бўлган эди. 2024 йил кузида жорий этилган Пскент туманидаги полигонда автомобилларни синовдан ўтказиш амалиёти узун навбатлар ва машиналар импортида қўшимча харажатларга олиб келган эди. Ушбу тартиб 2025 йил сентябрь ойида бекор қилинган.

Мазкур ҳолат манфаатлар тўқнашувига ҳам сабаб бўлганди. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, битта орган томонидан давлат назорати ва мувофиқликни тасдиқлаш ваколатларини бирлаштиришга йўл қўйилмайди (автомобиллар мувофиқлигини индивидуал тартибда баҳолаган UzTest Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг қуйи муассасаси ҳисобланади). Бундан ташқари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорларни камситиш ва инсофсиз рақобат учун шароит яратиш тақиқланади. Савдо-саноат палатаси UzTest ҳаракатлари маҳаллий автоишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилганини тан олган эди.