Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 02/03/2026

Uzbelas Performance раҳбарига жарима ўрнига 10 сутка берилди

Тошкент шаҳар суди 2026 йил 27 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда Uzbelas Performance тюнинг-ательеси раҳбари Асадбек Жумаевга аввал тайинланган жарима ўрнига 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади, деб хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов. Биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинди.

Аввалроқ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман прокуратураси туман судининг 16 январдаги қарори устидан кассация тартибида протест келтиргани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ видео ва фототасвирларини уларни обрўсизлантириш мақсадида тарқатиш) бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари ёки 8,4 млн сўм миқдорида жарима солинган эди. Шу тариқа, энг кам жазо (20 БҲМ жарима) энг юқори жазога (10 сутка қамоқ) алмаштирилди.

2003 йилда туғилган Асадбек Жумаев куни кеча резонансга сабаб бўлган видеода МЖтКнинг бошқа бир — 201-1-моддаси (қонунчилик ҳужжатларини ижро этмасликка ёки бузишга оммавий даъват қилиш) бўйича қандай қилиб «кичик жарима билан қутулиб қолгани» ҳақида сўзлаб беради. У видеода акс этган ва махсус сигналлар билан ҳаракатланган BMW X5 ва X7 автомобилларига унинг ательесида хизмат кўрсатилганини тан олади.

У, шунингдек, ички ишлар ходимларига нисбатан «бўйсунмаслик ва, айтиш мумкин бўлса, мазах қилиш» акс этган видеоларни жойлаштирганини ҳам эътироф этган. Гап рақамсиз ва «мигалка» ўрнатилган кулранг BMW X5 ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг ишораси билан тўхтаб, сўнгра тезликда қочиб кетгани акс этган ролик ҳақида бормоқда. 2026 йил 26 февраль куни ИИБ ходимлари ушбу машинани эвакуаторда олиб кетишди.

ИИВ аввалроқ хабар берганидек, ушбу «мазах қилиш» вақтида рулда 16 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган. Худди шу ўсмир 2026 йил 25 февраль куни бошқа бир автомобиль — BMW M4’да Тошкент марказида агрессив ҳаракатланиш вақтида ЙПХ инспекторини уриб юборган эди. Инспектор оғир тан жароҳатлари олган.

ИИВ маълумотларига кўра, BMW M4 эгасининг ҳисобида ўнлаб қоидабузарликлар бўлган, жумладан, машина кўп марта ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарилган. Боланинг ота-онаси бунгача икки марта болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармагани учун жаримага тортилган. Ўсмир, унинг отаси Зафаржон Кучкунов ва ҳодиса вақтида машинада бўлган дўсти инспектордан узр сўрашди.