
Тошкентда 2025 йил декабрь ойи охирида Шимолий вокзал яқинидаги ер ости йўлагида қиз боладан куч ишлатиб телефонини тортиб олган эркак ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ маълум қилди.
Воқеа 2025 йил 21 декабрь куни соат 21:00 атрофида содир бўлган. 21 ёшли қиз ер ости йўлагидан ўтиб кетаётганида номаълум шахс унга ҳужум қилган ва баҳоси 500 АҚШ долларига тенг бўлган смартфонини олиб қочиб кетган.
Тезкор ҳаракатлар давомида ҳужум қилган шахс қўлга олинди. У муқаддам ўғирлик учун судланган 26 ёшли Отабек Мадумаров бўлиб чиқди.
Ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу жиноят учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Гумонланувчи қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИББ ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабрланган бошқа фуқаролар бўлса, 71−206−42−54 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишни сўради.

