Бошқарув компаниялари ва “ТСЖ”ларга қарздорлардан пул ундиришда енгиллик яратилди

7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, коммунал хизмат бўйича қарздорликни суд орқали ундиришда енгиллик яратувчи ўзгартиришларни имзолади. Ўзгаришларга кўра, эндиликда бошқарув компания ёки хонадон эгалари ҳамкорлиги (ТСЖ) коммунал хизматлардан қарздорлиги бўлган фуқаролардан пул ундиришда судга мурожаат қилишда тўлов божидан озод этилди.

Бундай қарорга келишнинг сабаби қилиб, хонадон эгаларининг коммунал хизматлари учун бошқарув компаниялари олдида катта миқдордаги қарздорлиги кўрсатилган. Мисол учун, 2023 йилда хонадон эгаларининг умумий миқдорда 561 млрд сўм қарздорлиги бўлганлиги аниқланган ва бугунги кунга келиб, фақатгина 114.4 млрд сўм (20%) қопланган.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бошқарув компанияси хонадон эгасидан қарздорликни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилса, ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиши керак бўлади:

  • бошқарув турини танлаш тўғрисидаги умумий йиғилиш натижалари кўрсатилган ҳужжат нусхаси
  • уй бошқарув шартномасининг нусхаси
  • қарздорлик ҳисоб-китоблари кўрсатилган ҳужжат
  • қарздорлик бўйича хонадон эгасига талабнома берилганлиги ҳақида далолатнома