
Ваҳобжон Мўминов (чапда), Дониёр Нуриллоев
Наманганда бир ҳафтага етмасдан икки нафар Йўл-патруль хизмати ходими автомобиль уриб юбориши натижасида ҳалок бўлди.
Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) маълумотларига кўра, 2025 йил 25 ноябрь куни тахминан соат 19:55 да ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 17 ёшли ҳайдовчи Onix русумли автомобилда юқори тезликда ҳаракатланган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда обгонда бораётиб, у тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида пиёдани уриб юборган.
Пиёда ИИВ госпиталида даволаниш учун Наманганга келган Навоий вилояти ЙҲХБнинг 28 ёшли ходими, оддий аскар Дониёр Нуриллоев бўлиб чиқди. У воқеа жойида вафот этган.
Янги Наманган тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатган, тергов олиб борилмоқда.
Бундан бир неча кун олдин, 2025 йил 21 ноябрь куни тахминан соат 23:00 да Наманганнинг Давлатобод туманида ЙПХ ходимлари Onix русумли автомобилни тўхтатишга уринишган. Керакли ҳужжатлари бўлмаган ҳайдовчи ходимларнинг талабига бўйсунмай, қочишга уринган.
Улар бу ҳақда ҳайдовчининг тахминий йўналишида турган катта сержант Ваҳобжон Мўминовга рация орқали хабар беришган.
У ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган, аммо ҳайдовчи катта тезликда ходимни уриб юборган, натижада ходим оғир тан жароҳати олган. 42 ёшли инспектор тиббиёт муассасасига олиб кетилаётган йўлда вафот этган.
Ходимларнинг тезкор ҳаракатлари давомида қоидабузарнинг автомобили тўхтатилган, ҳайдовчи қўлга олинган.
Ваҳобжон Мўминов 2007 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келган. Унинг ортида турмуш ўртоғи, икки нафар қизи ва ўғли қолди.

