Ўзбекистонда маош, пенсия ва стипендиялар 10%га ошади

Ўзбекистон Президенти бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни 10%га ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йил 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқи чоғида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари 2 июнь куни иш ҳақини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолаган, ҳужжат «яқин вақт ичида эълон қилиниши» керак. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг аниқлик киритишича, пенсиялар 2025 йил 1 июлдан, иш ҳақи эса 1 августдан оширилиши кутилмоқда.

Бош вазир ўринбосари таъкидлашича, ошириш даражаси инфляциядан паст бўлмаган миқдорда назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, талабалар стипендиялари сўнгги 4 йил ичида биринчи марта оширилади.

Охирги марта иш ҳақи 2024 йил сентябрь ойида оширилган эди. Ўшандан бери йиғилган расмий инфляция аллақачон 8,5%дан ошган.