LikeCup лойиҳаси Тошкентдаги футбол майдонида юз берган жанжалдан сўнг тўхтатилди

Тошкентда санъаткорлар ва блогерлар ўртасидаги LikeCup футбол турнирида юз берган, оммавий жанжал билан якунланган ҳодисага Тошкент шаҳар ИИББ томонидан изоҳ берилди.

Ўйин 2025 йил 29 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Жар” стадионида “Kotta bola” ва “Malades” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Ўйин давомида футболчилардан бири бошқасининг бошига тегиб кетган. Рақиблар жавобан ҳужум қилишган, натижада бу оммавий жанжалга айланиб кетган. Кейинчалик маълум бўлишича, бу “назоратдан чиқиб кетган” пиар-акция бўлган.

ИИББ хабар беришича, ўйин тугаганидан сўнг 2004 йилда туғилган фуқаро О. У. ижтимоий тармоқларда обуначилар сонини кўпайтириш ва тадбирга кўпроқ эътибор жалб қилиш мақсадида жамоалар ўртасида низони саҳналаштирган.

“Жамоат тартибига ҳурматсизликни ифодаловчи ва фуқароларнинг тинчлигини бузувчи ҳаракатлар учун жавобгарлик назарда тутилган”, — дея қайд этди ИИББ.

LikeCup доирасидаги ҳодиса кескин жамоатчилик муносабатига сабаб бўлгани ва ҳуқуқбузарликка олиб келгани учун лойиҳа вақтинча тўхтатилди, дея таъкидлади бошқарма.

Лойиҳа ташкилотчилари, низони саҳналаштирган шахслар, шунингдек, барча иштирокчиларнинг шахси аниқланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар тузилди. Йиғилган материаллар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича судига юборилди.