Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Россия Федерациясининг икки фуқароси, Президент маъмуриятининг собиқ ходими Комил Алламжоновга суиқасд қилишга уриниш билан боғлиқ жиноят иши доирасида қидирув эълон қилди. Бу ҳақида расмий баёнотда маълум қилинган.
Расмий хабарда қайд этилишича, Россия фуқаролари Бислан Расаев ва Шамиль Темирханов Ўзбекистон Республикасига ноқонуний йўл билан кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик, шунингдек, ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмасига оид ҳаракатларни амалга оширгани аниқланган.
Икки шахсга нисбатан сиртқи ҳукм чиқарилиб, Интерпол орқали қидирувга берилган.
Бислан Расаев ва унга қўйилган айбловлар
36 ёшли Бислан Расаев рус ва чечен тилларини билади. Интерпол сайтида унинг қуйидаги моддалар бўйича айбланаётгани кўрсатилган:
- 241-модда, 1-қисм: Ҳаддан ташқари оғир жиноят ёки унинг содир этилиши ҳақида хабар бермаслик. Бу моддага кўра, жарима ёки 360 соатгача жамоат ишлари, 2 йилгача тузатув ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
- 246-модда, 1-қисм: Контрабанда. Бу жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
- 248-модда, 1-қисм: Ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмаси. Бу моддага кўра, жарима, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Шамиль Темирханов ҳақида маълумотлар
31 ёшли Шамиль Темирханов рус тилини билади. Интерпол сайтига кўра, у қуйидаги жиноятларда айбланмоқда:
- Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишга уриниш.
- Ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмаси.
Суиқасд ишлари ва бошқа айбланувчилар
Тергов давомида Комил Алламжоновга суиқасд қилишга алоқадор 7 киши аниқланган. Улардан беш нафари тергов даврида ҳибсга олинган, иккитаси қидирувда бўлган. Интерпол орқали қидирилаётган Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олиниб, экстрадиция қилинган. Иккинчи шахс – К.С. Қозоғистонда топилиб, тергов ҳаракатларида иштирок этган.
26 октябрга ўтар кечаси Тошкент вилояти Қибрай туманида икки номаълум шахс Range Rover автомобилига ўқ узган. Автомобилда Комил Алламжонов ва ҳайдовчи бўлган, ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу воқеа юзасидан 97-модда (қасддан одам ўлдиришга уриниш) ва 248-модда (ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмаси) бўйича жиноят иши қўзғатилган.