Блогер Жасурбек Шодиев (Жасжан) яна жамоатчиликнинг диққат марказида – жамоат тартибини бузиш айби билан.
11 январь куни тушдан кейин Тошкентдаги Hilton меҳмонхонаси олдида Жасурбек Шодиев ва Садаф Саидова олдиндан келишиб, «жанжал» ташкиллаштирган. Улар бир-бирларини ҳақорат қилиб, бу ҳолатни видеога олган. Кейинчалик Саидова блогердан видеони ўчиришни сўраган, Шодиев уни Instagram саҳифасидан ўчирган.
Видеода иштирок этганларга жамоат тартибини бузганлиги учун маъмурий баённома тузилган. Улар жамоат жойларида қўпол сўзлар ишлатгани, фуқароларга беҳурматлик билан муносабатда бўлгани ва тинчликни бузганликда айбланган.
13 январь куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича судида Шодиев ўз айбини тан олиб, пушаймонлигини билдирган. У жазони енгиллаштиришни сўраб, кичик ёшдаги фарзанди ва ногиронлиги бор укасини боқиши лозимлигини таъкидлаган. Саидова ҳам жамоат тартибини бузганини тан олиб, талабалигини айтиб, ўз хатосидан хулоса чиқарганини билдирган.
Суд Шодиевни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топиб, унга 183-модда (майда безорилик) бўйича 5 кунлик маъмурий ҳибс жазосини тайинлади. Шунингдек, Шодиев махсус қабулхонада бўлган ҳар бир куни учун 15% базавий ҳисоблаш миқдорида (56 250 сўм) тўлов қилиш мажбурияти юклатилди.
Саидова ҳам шу модда бўйича айбдор деб топилиб, унга 1 базавий ҳисоблаш миқдорида (375 000 сўм) жарима солинди.
Яқинда Жасурбек Шодиев атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 5 базавий ҳисоблаш миқдорида жаримага тортилган эди. У ўша видеода ҳожатхона қоғозлари тўплами устида туриб, унга машина урилиб, ўзи эса сакраб қолган эди.