
Жаҳон банки «Ўзбекистонда газ сизиб чиқишини бартараф этиш механизмини яратиш» лойиҳаси учун 10,6 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратишни маъқуллади.
Лойиҳа «Ўзтрансгаз» давлат компаниясининг эскирган газ транспорти инфратузилмасидаги аксарият сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш жараёнларини йўлга қўйиш ҳамда табиий газни мамлакатдаги уй хўжаликлари ва саноат корхоналарига етказиб бериш учун сақлаб қолишга қаратилган, дейилади Жаҳон банки матбуот хизмати хабарида.
«Ўзбекистоннинг газ транспорти инфратузилмаси техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга етарлича маблағ ажратилмагани сабабли вақт ўтиши билан эскирган, бу эса газ сизиб чиқиши ва молиявий йўқотишларга олиб келмоқда. Зарур ишлар амалга оширилмаса, 2030 йилга бориб жами йўқотишлар 1,75 млрд куб метр газни ташкил этиши мумкин, бу эса 228 млн доллар миқдоридаги бой берилган даромадга тенг», — дейилади хабарда.
Лойиҳа Жаҳон банкининг йўлдош нефть газини машъалда ёқишни ва метан чиқиндиларини камайтириш бўйича траст фонди (Global Flaring and Methane Reduction, GFMR) грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Таъмирлаш ишлари туфайли 2029 йилга келиб ҳар йили тахминан 47,5 минг метрик тонна газ сизиб чиқишининг олдини олиш режалаштирилган бўлиб, ушбу газ истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларига етказиб берилади. Газ йўқотишларининг камайиши тахминан 18 млн доллар миқдоридаги молиявий тежамкорликни таъминлаши керак. Ушбу маблағларнинг салмоқли қисми сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича узоқ муддатли чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади. Бу чоралар газ транспорти тизимининг самарали ва ишончли ишлашини таъминлаш имконини беради.
«Газ инфратузилмасидаги сизиб чиқишларни бартараф этиш — бир қатор фойда келтирадиган нисбатан оддий жараён», — деди GFMR траст фонди дастури раҳбари Зубин Бамжи.
Лойиҳа замонавий ускуналар сотиб олиш ва «Ўзтрансгаз» ходимларини ўқитишга инвестициялар киритишни, шунингдек, табиий газнинг асосий таркибий қисми бўлган метан чиқиндиларини ўлчаш ва ҳисобот беришнинг халқаро стандартларини жорий этишда кўмаклашишни назарда тутади.