Электромобиллар учун утилизация йиғими оширилади. 45 миллион сўмдан бошланади

2025 йил 31 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг №52 қарорига биноан, Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан электромобиллар (ТН ВЭД коди 8703 80) учун утилизация йиғими оширилади. Қарорнинг тўлиқ номи «Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» деб номланган.

Ҳужжатга кўра, ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим 120 базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) тенг бўлади — 45 миллион сўм, бу айни пайтда Марказий банк курси бўйича тахминан 3462 АҚШ долларига тенг. Ҳозирда бу миқдор 30 БҲМни ташкил этади (яъни тўрт баробар оширилмоқда).

Ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошган электромобиллар учун йиғим 210 БҲМга, ёки 78,75 миллион сўмга тенг бўлади — бу тахминан 6058 АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозирда бу миқдор 90 БҲМ бўлиб, 2.3 марта оширилмоқда.

Қарорда утилизация йиғимининг оширилиши бўйича таклиф Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилгани таъкидланган.

Мақсадлар сифатида «яшил» технологиялардан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, электромобилларнинг хизматини ўтаб бўлган батареяларини атроф-муҳитга катта зарар етказмасдан хавфсиз утилизация қилиш, шунингдек, ушбу соҳада локализацияни тезлаштириш» кўрсатилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имтиёз

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 19 декабрдаги президент қарорига мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имтиёз мавжуд. 2030 йил 1 январига қадар мамлакатда ишлаб чиқарилган электромобиллар утилизация йиғимидан озод қилинган, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмлари, ускуналари, хом ашёси ва сервис хизматлари учун эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан озод этилган.

Сармоядорларга ишлаб чиқариш жараёнларини ўзлаштириш даври (кўпи билан 24 ой) давомида 10 мингта (ишлаб чиқариш ҳажмининг 50 фоизидан ошмаган) автоулов комплектлар (SKD) ёки тайёр электромобилларни (CBU) божхона тўловлари ва утилизация йиғимисиз олиб киришга рухсат берилган.

2024 йилнинг июлида KIA ва Chery автомобилларини ишлаб чиқарадиган ADM Jizzakh компанияси раҳбари Ўзбекистонга электромобиллар импорти учун божхона тўловларини тиклаш таклифини билдирганди. У, шунингдек, автомобилларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибини қайта жорий этишни сўраган.

2024 йил ёзида BYD Uzbekistan заводи Жиззах вилоятида Chazor ва Song Plus моделларини ишлаб чиқаришни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистонга электр ва гибрид автомобиллар импорти илк бор анъанавий бензинли машиналар импортидан ошган. Жами 1.9 миллиард долларлик 80 235 енгил автомобиль олиб келинган бўлиб, уларнинг 55.8 фоизи гибрид ва электромобиллар, 44.2 фоизи эса бензинли автоуловлар бўлган. Абсолют кўрсаткичда эса бу мос равишда 33 564 ва 32 928 дона автомобилни ташкил этган.