Август ойида енгил автомобиллар сотуви 9% га кўпайган, 2023 йилга нисбатан (йиллик кўрсаткич) деярли 25% га камайган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, август ойида енгил автомобиллар сотуви июль ойига нисбатан ортган. Август давомида барча автотранспорт воситаларини инобатга олганда, 111 минг дан ортик олди-сотди шартномалари тузилган, яъни июль ойига нисбатан 9% га ошган. Эслатиб ўтамиз, июль ойида ҳам олдинги ойга нисбатан 18.6% га ўсиш кузатилган. Бироқ ўтган йилги кўрсаткич билан солиштирилганда, автомототранспорт воситаларининг сотуви 24.6% га қисқарган.

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори ҳам июль ойига нисбатан 5% га ошган. 2023 йилги сотув билан солиштирганда, 33.7% га камайган.

Енгил электромобиллар сегментидаги олди-сотди шартномалари ҳам камайган ва 1 ой давомида 1700 та автомобиль сотилган. Июль ойига нисбатан бу кўрсаткич деярли икки марта камайган. Электромобиллар сотилиши камайишининг деярли 90% Тошкент шаҳрига тўғри келган. Тошкент шаҳрида июлга нисбатан август ойида савдо 66% га тушган.

Электромобилларнинг бирламчи бозорида савдо 53% га, иккиламчи бозорда эса 37% га камайган.

Йиллик давомийликда иккиламчи бозордаги электромобилларнинг олди-сотдиси 20% га ортган.