
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник АҚШда ноқонуний равишда яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, уларни ихтиёрий равишда Ватанга қайтишга чақирди.
Унинг видеомурожаати АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг сўзлари билан бошланади: «Трамп маъмурияти ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва чегаралар ҳамда фуқароларимизни ҳимоя қилишга қаратилган».
«Сўнгги йилларда кўплаб ўзбекистонликлар Марказий Америка орқали АҚШга хавфли йўллар билан кириб келишганига гувоҳ бўлдик. Натижада, минглаб ўзбекистонликлар АҚШда ноқонуний равишда яшамоқда», — деди элчи.
«Мен бу инсонларга ихтиёрий равишда Ўзбекистонга қайтишни тавсия қилган бўлардим. Акс ҳолда, улар АҚШда қамоқ жазосига ёки депортацияга дучор бўлиши мумкин», — деб таъкидлади дипломат.
Дональд Трамп маъмурияти Африка, Осиё ва Шарқий Европадаги бир неча давлатлар билан депортация қилинган мигрантларни қабул қилиш бўйича келишувлар тузишга уринмоқда. Номзодлар орасида Ливия, Руанда, Молдова, Монголия ва Косово бор.
Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШда ноқонуний мигрантларга қарши кенг кўламли операциялар бошланган. 2024 йил февраль ойида АҚШ Осиё мамлакатларидан, жумладан, Ўзбекистондан бўлган 119 нафар мигрантни Панамага депортация қилди. Панама ТИВ маълумотларига кўра, улар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганидан кейин қўлга олинган ва илгари судланмаган. Ўша вақтда депортация таҳдиди остида бўлган ўзбекистонликлар сони 975 нафар экани маълум қилинган эди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистон АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари билан ўз фуқароларини хавфсиз депортация қилиш масалалари бўйича алоқа ўрнатгани маълум қилинди. ТИВ таъкидлашича, АҚШдаги дипломатик ваколатхоналар юборилган сўровлар асосида ватандошларга «қаерда бўлишидан қатъи назар тўлиқ ёрдам кўрсатади».
2023 йил октябрида АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати маълум қилишича, Мексика орқали АҚШга киришга уринган 13,6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қўлга олинган. Шу йили ноябрда АҚШ Мексика орқали киришга уринган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмаслигини эълон қилган ва уларни иммиграция иши ҳал бўлгунча қамоқда ушлаб туришга ўтган.
2023 йил декабрида АҚШга ноқонуний киришга уринган қарийб 120 нафар ўзбекистонлик махсус рейс орқали Ватанга қайтарилган. Улардан кўпчилиги Мексика орқали чегарани кесиб ўтишга уринган.
2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойи мобайнида АҚШ 572 нафар ўзбекистонликни Ватанга депортация қилди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 баробар кўпдир.