ФВВ ва Ўзгидромет ҳаво бўйича огоҳлантиришди

2024 йилнинг 5 ноябридан бошлаб 8 ноябрга қадар Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Натижада ҳаво ҳарорати пасайишни бошлайди ва 7-8 ноябрь кунлари кечаси ҳарорат 0–5 °С бўлиши, баъзи ҳудудларда –3 °С гача тушиши мумкин. 5-6 ноябрда бутун республика бўйича ёғингарчилик, тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Шу муддат оралиғида тоғли ва тоғолди ҳудудларда сел оқиш эҳтимоли ва ёмғир сувларининг йиғилиши натижасида баъзи ҳудудларни сув босиши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) иситиш қурилмаларидан фойдаланишда ёнғин ва техник хавфсизлик чораларини кўришга чақирган.