Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 16/03/2026

2025 йилда 252 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

2025 йилда Ўзбекистон судлари маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш вазифаси юклатилган ҳоким ёрдамчиларига нисбатан 153 та жиноят ишини кўриб чиқди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олий суд маълумотларига таяниб шундай рақамларни эълон қилди.

Ушбу ишлар бўйича 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 37 нафари озодликдан маҳрум қилиш, 38 нафари озодликни чеклаш, 160 нафари ахлоқ тузатиш ишлари, 12 нафари жарима жазосига ҳукм қилинган. Яна 5 нафар ёрдамчига нисбатан бошқа жазо чоралари қўлланган.

Қиёслаш учун — 2024 йилда ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ 309 та коррупциявий жиноят ҳақида хабар берилган эди.

Бир неча кун аввал бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев 2025 йилда интернетда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ ва жамоатчилик ўртасида резонанс уйғотган 8 та коррупция ҳолати ҳақида хабар берилганини маълум қилганди.

Унинг таъкидлашича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги рейтингида ҳоким ёрдамчилари қоидабузарларнинг «ҳатто топ-10 талигига ҳам кирмайди». Шунга қарамай, «ҳатто битта шундай ҳолат ҳам кўп ва биз буни жуда яхши тушунамиз».

Марат Жўраевнинг қўшимча қилишича, 2026 йилнинг февраль ойидан бошлаб ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар коррупцияга чидамлиликни баҳолаш тестидан ўтмоқда. Ҳозирга қадар 170 нафар номзод тестдан ўтган. Синовдан ўта олмаганлар қайта ўқишга юборилади. «Номзодлар тест топширмагунча лавозимга тайинланмайди», — дея ишонтирди у.

Йил бошидан бери ҳоким ёрдамчиларининг қатор қўлга олиниши ҳақида хабар берилди. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ҳоким ёрдамчиси 5000 доллар олаётганда фош этилди. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида — 10 минг доллар бераётганда. Нурафшонда эса муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар олаётганда қўлга олинди.

Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йилдан жорий этилган. Ўшанда 9309 нафар ёрдамчи иш бошлаган эди. Улар ҳокимлик ходимлари ҳисобланади, бироқ уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришни бандлик вазирлиги амалга оширади.

2026 йил февраль ойи бошида Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов 2025 йили Ўзбекистонда 5222 та коррупциявий жиноят аниқланганини маълум қилган эди — бу бир йил аввалгига нисбатан 8,6 фоизга кам. Қоидабузарликлар энг кўп соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими соҳаларида қайд этилган. Шу билан бирга, коррупция учун 12 нафар ҳоким жазоланган.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупциявий жиноятлар улушини кескин камайтиришга жараёнларни рақамлаштириш орқали эришиш режалаштирилган, деб қайд этганди.