“Ўзатом” Assystem билан муҳандислик ҚК ташкил этади

Ўзбекистон Атом энергияси агентлиги “Ўзатом” ва Франциянинг “Assystem” муҳандислик компанияси Тошкентда қўшма корхона ташкил этишни назарда тутувчи англашув меморандумини имзолади, дея хабар берди “Ўзатом” матбуот хизмати.

Янги тузилма фуқаролик ядро энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади, жумладан, Жиззах вилоятида кичик қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилишига ҳам.

Меморандум доирасида томонлар муҳандислик консалтинги, лойиҳа ечимларини қўллаб-қувватлаш, уларни маҳаллий шароитларга мослаштириш ҳамда хавфсизлик ва фойдаланишга топшириш бўйича кўмакни ўз ичига оладиган стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар.

“Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмедхўжаевнинг сўзларига кўра, “Assystem” билан тузилган келишув Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасидаги режаларини амалга ошириш учун техник асос яратади.

“Assystem” — атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларга ихтисослашган дунёдаги энг йирик мустақил муҳандислик компанияларидан бири. Компания Париж шаҳрида жойлашган бўлиб, мураккаб инфратузилма лойиҳаларига ҳаёт циклининг барча босқичларида — лойиҳалаштиришдан то фойдаланишга топширишгача бўлган босқичларда хизмат кўрсатишда катта тажрибага эга.

“Assystem” деярли барча йирик халқаро ядро лойиҳаларида, шу жумладан турли хилдаги реакторлар — ҳам сув-сув реакторлари, ҳам истиқболли кичик қувватли ечимлар билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этади. Ядро соҳасида кўрсатилаётган хизматлар ҳажми бўйича компания мустақил муҳандислик ташкилотлари орасида дунёда учинчи ўринни эгаллайди.

Тошкентда қўшма корхона ташкил этиш Ўзбекистонга нафақат халқаро экспертизадан фойдаланиш, балки ядро энергетикасида ўзининг муҳандислик салоҳиятини ошириш имконини беради. Истиқболда, тахминларга кўра, у минтақадаги атом лойиҳаларига хизмат кўрсатиш бўйича компетенциялар марказига айланиши мумкин.