
Uzbekistan Airways Словениянинг Egmont Aviation компанияси билан ҳамкорликда учувчиларни тайёрлашни бошлади, дея хабар берди ташувчи матбуот хизмати.
Назарий қисм Ўзбекистонда хорижий компания инструкторлари ва ўқитувчилари жалб этилган ҳолда, парвоз амалиёти эса Словенияда ўтказилади.
Биринчи тингловчилар гуруҳи назарий қисмни тугатиб, имтиҳонларни топширган ҳолда Марибор аэропортидаги Egmont Aviation базасида амалиёт ўтамоқда. Янги гуруҳ 2025 йил сентябрь ойида ўқишни бошлайди.
«Аввалроқ Uzbekistan Airways курсантлари фақат Ўзбекистон ҳаво ҳудудида парвозларни амалга ошириш имкониятига эга бўлган бўлса, эндиликда амалий қисмнинг хорижда бажарилиши ёш учувчиларга Европанинг турли мамлакатлари ҳаво ҳудудида тажриба орттириш, халқаро стандартларга мослашиш ва касбий дунёқарашини кенгайтириш имконини беради», — деди компания бошқаруви раисининг парвоз ишлари бўйича ўринбосари Шаҳзод Икромов.
Ўқув якунида курсантлар кўплаб мамлакатларда тан олинган ва Ўзбекистонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам карьера учун имкониятлар очадиган халқаро EASA (Европа авиация хавфсизлиги агентлиги) сертификатини оладилар.
Egmont Aviation PPL (хусусий учувчи лицензияси) даражасидан ATPL (тижорат учувчиси) даражасигача, жумладан, лицензияни конвертация қилиш дастурлари ва авиация инглиз тили курсларини ҳам ўтказади.
Uzbekistan Airways илк бор 2017 йилда ўз ўқув-машғулот марказида учувчиларни тайёрлашни бошлаган. Машғулотлар 2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли вақтинча тўхтатилган, 2 йил ўтиб эса қайта тикланган. Учувчилар мактабининг биринчи 4 нафар битирувчисига 2024 йилда сертификатлар топширилди.
Парвозлар сонининг доимий ўсиши ва янги йўналишларнинг очилиши муносабати билан учувчиларни тайёрлаш Ўзбекистон авиакомпаниялари учун долзарб йўналиш ҳисобланади. Uzbekistan Airways кадрлар тайёрлашда Тошкент давлат транспорт университети ва Тошкентдаги Турин политехника университети билан ҳамкорлик қилмоқда.

