Uzbekistan Airways ички рейслардаги эконом класс чипталарининг максимал нархини пасайтирди

Uzbekistan Airways компанияси Ўзбекистон аҳолиси учун авиақатновларнинг қулайлигини ошириш мақсадида ички йўналишлар бўйича эконом класс тарифлари тузилмасини қайта кўриб чиқилганини маълум қилди.

Энди 10 та тариф даражаси ўрнига максимал даражалар бекор қилинган 4 та тарифдан иборат соддалаштирилган тизим амал қилади. Бу тарифни нарх бўйича танлашни янада тушунарли қилиши керак. 4 тарифнинг ҳар бирида чипта турини танлаш имконияти мавжуд: қайтариладиган — багажли ва қайтарилмайдиган — багажсиз.

Чипталарнинг минимал нарх даражаси ўзгаришсиз қолган, аммо энг қиммат тарифлар энди бўлмайди. Максимал тариф энди аввал амалда бўлган ўртача даражадаги тарифларга тахминан тенг.

Uzbekistan Airways қўшимча қилишича, йўловчилар учун арзон тарифларда кўпроқ жойлар мавжуд бўлади.

Янги тарифлар қуйидаги йўналишларда қўлланилади:

  • Тошкент — Самарқанд: 249 минг сўмдан;
  • Тошкент — Наманган: 249 минг сўмдан;
  • Тошкент — Фарғона: 249 минг сўмдан;
  • Тошкент — Қарши: 278 минг сўмдан;
  • Тошкент — Бухоро: 293 минг сўмдан;
  • Тошкент — Термиз: 424 минг сўмдан;
  • Тошкент — Урганч: 512 минг сўмдан;
  • Тошкент — Нукус: 512 минг сўмдан;
  • Бухоро — Урганч: 336 минг сўмдан.1

Нарх бир томонга кўрсатилган, қайтиш йўналишида ҳам шундай нарх белгиланган. Нарх хорижий валютага боғланган ва жорий вақтдаги тарифни акс эттиради.