Тошкентда 17 нафар солиқ органлари ходими, божхона ходими, банк ходими, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва 18 нафар тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020–2023 йиллар давомида ушбу гуруҳ 8 та сохта корхона ташкил қилиб, улар орқали экспорт қилинган гўёки мебель маҳсулотлари учун ҚҚСнинг 15% миқдоридаги салбий фарқи асоссиз равишда қайтарилган. Шу тарзда давлат бюджетига 24,58 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.
Жиноий гуруҳ фаолиятини собиқ солиқ қўмитаси ходими мувофиқлаштирган. У шунингдек, сохта корхоналарнинг ғайрирасмий раҳбари ҳам бўлган. Корхоналар Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг юридик манзиллари бир неча марта ўзгартирилган, раҳбарлар сифатида эса алоқадор бўлмаган шахслар кўрсатилган.
Расман корхоналар мебель ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатда турган, лекин аслида ҳеч қандай ишлаб чиқариш фаолияти юритилмаган. Ҳисоботларда маҳсулот Қирғизистонга экспорт қилингани қайд этилган, аммо текширувлар давомида экспорт операциялари амалга оширилмагани, муҳрлар сохталаштирилгани ва экспорт шартномалари қалбаки экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 184-моддаси (солиқ ёки бошқа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, муҳрлар, штамплар, бланкларни тайёрлаш, сохталаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида давлат фойдасига 6,808 млрд сўм ундирилган. Етказилган зарарни қоплаш мақсадида 6,3 млрд сўмлик мулк мусодара қилинган. Жумладан, хусусий тиббиёт клиникасининг кўп қаватли биноси, автоювиш шохобчаси, 2 та квартира, 6 та автомашина, шунингдек, телефонлар ва компьютер ускуналари ҳибсга олинган.
Тошкент шаҳар Мирзо-Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича суди 38 нафар айбланувчидан 14 нафарига 5,5 йилдан 7,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Яна 18 нафарига ҳам турли муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, лекин Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланиб, уларга 3 йиллик синов муддати берилди ва етказилган моддий зарарни 2 йил ичида қоплаш мажбурияти юклатилди.
Қолган 6 айбланувчи эса 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олди.