Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 03/04/2026

Уй-жой ва машина савдоси — эскроу орқали. Банклар 100 триллион сўмгача «бепул» ресурс олиши мумкин

Кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдисида нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтиш мамлакат молия тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда 27 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров маълум қилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бугунги кунда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича «кўринмас» ҳисоботлар улуши 99 фоизга етмоқда. Операцияларнинг мутлақ кўпчилиги нақд пулда амалга ошириляпти, бу эса ушбу секторда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришни имконсиз қилиб қўймоқда.

Бозор миқёсини адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов ҳам тасдиқлади: мамлакатда ҳар йили кўчмас мулк билан боғлиқ 320 мингта ва автомобиллар билан боғлиқ 650 мингта шартнома тузилади. Аҳадбек Ҳайдаров банк тизимига кириши мумкин бўлган маблағларнинг тахминий ҳисоб-китобларини тақдим этди.

«Агар битта автомобилнинг нархини 200 млн сўм деб олсак ва кунига 100 та автомобиль сотилса, банк тизимига ҳар куни 20 млрд сўм тушади. Агар 1000 та автомобиль бўлса — 200 млрд сўм. Йилига бу қарийб 60–100 триллион сўмни ташкил этади. Бу жуда катта эффект беради», — деди.

Унинг сўзларига кўра, бу банклар ўртасидаги рақобатни кучайтиради. Молиявий муассасалар мижозлар ва бозор улуши учун курашадилар, бундай операцияларга қизиқиш билдирадиган банклар сони эса ортади.

«Бу жуда катта бепул ресурс бўлади. Агар, масалан, банк ҳисобварақларида ҳар куни 20 млрд сўм турса ва бу маблағлар кредитлашга йўналтирилса, натижада кредит ресурслари арзонлашиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлар учун кредитларнинг ҳамёнбоплигига ижобий таъсир қилади», — деб таъкидлади вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бундай келишувлар бўйича ҳисоб-китоблар эскроу-ҳисобварақлар орқали амалга оширилади. Бунда банк кафил сифатида иштирок этади: сотувчи пулларни фақат нотариус мулк ҳуқуқи ўтганини тасдиқлаганидан кейин олади.

Марказий банк бундай ҳисобварақларга хизмат кўрсатиш учун комиссияларнинг юқори чегараларини белгилаб бўлди:

  • Кўчмас мулк: БҲМнинг 50 фоизигача (206 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда);
  • Автотранспорт: БҲМнинг 25 фоизигача (103 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда).

Агар келишув бирор сабабга кўра амалга ошмаса ёки бекор қилинса, эскроу-ҳисобварағида блокланган маблағлар тўлиқ ҳажмда харидорга қайтарилади.

Бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги огоҳлантиришича, шартномада пасайтирилган суммани (реал қийматидан паст) кўрсатиш харидор учун юридик хавфларни келтириб чиқаради: келишув бекор қилинган ёки низолар келиб чиққан тақдирда, у фақат шартномада расман кўрсатилган сумманигина қайтариб олиши мумкин бўлади.