Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу таклифни 29 август куни Қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов билдирди.

Унинг фикрича, бу механизм харидорларни расмий ҳисоб-фактура талаб қилишга ва шу орқали қурилиш соҳасидаги яширин иқтисодиёт даражасини пасайтиришга ундайди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда мамлакатдаги уй-жойларнинг 10% қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисобга олинган ҳолда сотиб олинади, бироқ битимларнинг 90% ушбу солиқсиз амалга оширилади. Унинг сўзларига кўра, бу солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва яширин иқтисодиётнинг кенгайишига шароит яратади.

«Ҳеч ким таклиф билан чиқмаяпти. Балки, агар уй-жойни ҚҚС билан сотиб олган жисмоний шахсга 4-5% миқдорида [солиқ] кешбэк қайтарилса, у қурувчига 5-6% кешбэк олиш учун ҳисоб-фактура беришни талаб қилади. Балки бу вазиятни ўзгартирар?» — деди.

Даврон Ваҳобов, шунингдек, ҳозирда яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган президент қарори лойиҳаси идоралараро келишувдан ўтаётганини маълум қилди. У ҳужжатнинг тафсилотларини ошкор қилмади, бироқ қурилиш саноати бу борада энг заиф тармоқлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда кешбэк бериш бошланиши мумкинлиги ҳақида президент ҳузуридаги йиғилишда 2025 йил январь ойида ҳам айтилган эди.

2025 йил 1 апрелга қадар президент Администрациясига киритилиши керак бўлган таклифга кўра, фуқаролар тўлов банк орқали амалга оширилган тақдирда ҚҚСнинг бир қисмини қайтариб олиши мумкин бўлади. Кешбэк янги қурилган уйлардаги турар-жой ва нотурар жойларга татбиқ этилиши мумкин.