
2025 йил август ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида фаоллик пасайган, аммо йиллик ҳисобда ўсиш қайд этилган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (ИТИМ) таҳлилида айтилган.

Ўтган ойда мамлакатда 25 мингга яқин уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган, бу июль ойига нисбатан 4,6%га кам, лекин 2024 йилнинг август ойига нисбатан 12,9%га кўп.
Битимлар сонининг энг катта йиллик ўсиши Сирдарё (+34%), Хоразм (+29%) ва Сурхондарё (+27%) вилоятларида кузатилган.
«Иккиламчи бозор»
Иккиламчи бозорда Ўзбекистон бўйича умуман олганда нархларнинг мўътадил ўсиши сақланиб қолмоқда. Август ойида 1 кв. м. учун ўртача нарх июль ойидаги 1,7% ўсишдан сўнг 1%га ошган. Йиллик ҳисобда ўсиш 4%ни ташкил этди.

Нархлар бир йил ичида энг кўп Жиззах (+14%), Сурхондарё (+17%) ва Сирдарё (+10,3%) вилоятларида ўсди.
Тошкентдаги уй-жой
Пойтахтда иккиламчи уй-жой август ойида ўртача 0,2%га қимматлашган ва 1 кв. м. учун 1090 долларни ташкил этган, аммо бир йил ичида нархлар 2,3%га пасайган.
Нархлар энг кўп Мирзо Улуғбек (-6,3%), Яшнобод (-4,4%) ва Чилонзор (-4,6%) туманларида тушган.
Тошкентдаги бирламчи уй-жой бир йилда 0,7%га қимматлашган. Энг катта ўсиш Миробод (+6,6%), Яккасарой(+3,6%) ва Олмазор (+2,6%) туманларида қайд этилган.
Ижара

Август ойида ижара бозори барқарор бўлиб қолган. Шаҳар бўйича ўртача ижара ставкаси 1 кв. м. учун 8 доллар даражасида сақланиб турибди.
Пойтахтнинг марказий туманларида (Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой) ўртача нарх 1 кв. м. учун 10,3 долларни ташкил этади.
Йиллик ҳисобда ижара нархи 1,8%га арзонлашган. Энг кўп арзонлашган туманлар — Учтепа, Чилонзор ва Бектемир.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Марказий банк Тошкентда иккиламчи уй-жой, ижара ва ер участкалари нархларининг пасайиши давом этаётганини қайд этган эди. «Иккиламчи бозор»нинг ўртача нархи 1 кв. м. учун 15,4 миллион сўмдан 14,9 миллион сўмгача пасайган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари ва ипотека кредитлари бериш сони ўсмоқда.

