Қурилиш вазирлиги соҳадаги коррупция ҳақида гапирган тадбиркорга нисбатан ИИВга ариза берди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркор Усмонжон Абдусаматовнингсўзларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик чораларини кўришни сўраб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига расмий ариза билан мурожаат қилганини маълум қилди.

2025 йил август ойи охирида Савдо-саноат палатасидаги анъанавий очиқ мулоқотда (унда турли соҳалардаги муаммолар муҳокама қилинади), Абдусаматов қурилиш соҳасида рухсатнома олишда асоссиз рад жавоблари ва коррупция хавфлари мавжудлигини билдирган эди.

«Ер сотиб олдик, кейин рухсатнома олишимиз керак. Ариза топширамиз — рад жавоби. Яна топширамиз — яна рад жавоби. Токи манзилга келиб, “Ассалому алайкум” демагунингизча (пул беришни ифодаловчи ишорани кўрсатади, — таҳр.). Бу очиқ айтиш керак бўлган ҳақиқат. Ва бу тўғридан-тўғри эртанги харажатларга таъсир қилади», — деган эди ўшанда тадбиркор.

Унинг таъкидлашича, Тошкентда рухсатнома олиш ва кадастрдан ўтиш билан боғлиқ «қўшимча харажатлар» битта уй учун 200 минг АҚШ долларигача, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача етиши мумкин.

Қўшимча қилиш мумкинки, Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳабов ҳам ўшанда Ўзбекистондаги қурилиш компаниялари томонидан уй-жойларни сунъий равишда паст нархларда расмийлаштириш, қурилиш материалларини устав капиталига ҳисса сифатида расмийлаштириш ва ҳақиқий ишчилар сонини яшириш оммавий тус олгани ва бу бозор ишончига путур етказаётганини айтган эди.

Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги нима деди

2025 йил сентябрь ойи бошида Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркорнинг сўзларига жавобан баёнот берган эди. Вазирлик соҳада рақамлаштириш туфайли коррупция хавфи минимумга туширилганини ва бу жараён давом этаётганини билдирган. Улар коррупцияга дуч келган тадбиркорлар ва фуқароларни вазирлик ёки унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишга чақирган.

Абдусаматовнинг Тошкентдаги ҳар бир уй учун «қўшимча харажатлар» 200 минг долларгача етиши мумкинлиги ҳақидаги сўзлари билан, у «жамоатчилик орасида асоссиз маълумотларни тарқатишга» сабаб бўлди, дейилади Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг баёнотида.

«Бу маълумот ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Натижада республика миқёсида қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга, соҳа вакилларига ҳамда Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига нисбатан салбий муносабат шаклланмоқда. Бу, ўз навбатида, вазирлик ва унинг ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига зарар етказмоқда», — дейилади баёнотда.

Вазирлик яна бир бор таъкидладики, «қурилиш соҳаси билан боғлиқ барча давлат хизматлари ва тўловлар белгиланган тартибда электрон шаклда амалга оширилади. Бу жараёнда қўшимча маблағ сўраш қатъиян ман этилади».

«Жисмоний ва юридик шахслар шаҳарсозлик ҳужжатларини олиш учун аризаларни фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали топширишлари мумкин. Аризаларни кўриб чиқишда фуқаронинг ваколатли орган вакили билан тўғридан-тўғри мулоқотига йўл қўйилмайди. Хусусан, объект қурилишига рухсатнома олишдан то уни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилинади», — дея қайд этди вазирлик.

«Бу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламент асосида аниқ тартибга солинган», — дея қўшимча қилди Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.

Усмонжон Абдусаматов бир нечта компанияга (May Build City, Angorremont, Argentum Astrum, Uch Kurgan Business, Story A — Usmon; баъзилари амалда эмас деб белгиланган) раҳбарлик қилиши кўрсатилган. 2024 йил баҳорида у Discover Invest қурилиш компанияси билан оммавий низога киришган эди.