
Франциянинг «ПСЖ» клуби ва терма жамоаси ҳужумчиси Усмон Дембеле футболдаги энг нуфузли индивидуал соврин — France Football журнали томонидан ҳар йили бериладиган «Олтин тўп»га лойиқ топилди.
28 ёшли Дембеле ўтган мавсумда «ПСЖ» билан Франция чемпиони, мамлакат Кубоги ва Суперкубоги соҳиби бўлди, шунингдек, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди (учта кубокдан иборат треблни расмийлаштирди). У 53 та ўйин ўтказиб, 35 та гол урди ва 16 та голли узатмани амалга оширди.
Дембеле овоз бериш жараёнида «Барселона» ва Испания терма жамоаси вакили Ламин Ямални ортда қолдирди. Иккинчиси 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчига бериладиган Копа совринига сазовор бўлди.
Учинчи ўринни франциялик ҳужумчининг жамоадоши Витинья эгаллади.
France Football талқини бўйича топ-10:
- Усмон Дембеле
- Ламин Ямал
- Витинья
- Муҳаммад Салоҳ
- Рафинья
- Ашраф Ҳакими
- Килиан Мбаппе
- Коул Палмер
- Жанлуижи Доннарумма
- Нуну Мендеш
Энг яхши дарвозабон деб шу ёзда «ПСЖ»дан «Манчестер Сити»га ўтган Жанлуижи Доннарумма топилди.
Йилнинг энг яхши клуби — «ПСЖ», унинг бош мураббийи Луис Энрике ҳам йилнинг энг яхши мураббийи сифатида «Олтин тўп»ни қўлга киритди.
Аёллар футболида «Олтин тўп»ни учинчи марта кетма-кет «Барселона» ярим ҳимоячиси Айтана Бонмати қўлга киритди.

Ballon d’Or («Олтин тўп») мукофоти 1956 йилдан бери топшириб келинади. Аргентиналик Лионель Месси 8 та соврин билан энг кўп ғалаба қозониш бўйича мутлақ рекордчи бўлиб қолмоқда.