Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистоннинг Туркиядаги янги элчиси этиб тайинланди

Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистоннинг Туркиядаги янги элчиси этиб тайинланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. 2025 йил 16 июнь куни дипломат Анқарада Туркия ТИВ Протокол бош департаменти бошлиғи Аҳмет Жемил Мираоғлуга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Музокараларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Томонлар савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Илҳом Ҳайдаров 56 ёшда. 2024 йил июлидан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Тошкент давлат университети (ҳозирги — Ўзбекистон Миллий университети), Россия ташқи савдо академияси, Мемфисдаги (АҚШ) Халқаро пахта мактабини тамомлаган. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги (ҳозирги — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) тизимида, савдо-иқтисодий маслаҳатчи ва Украинадаги элчи лавозимларида ишлаган.

2009 йилдан бошлаб 15 йил давомида «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компаниясига (ҳозирги — Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати уюшмаси) раҳбарлик қилган. Шу билан бирга, 2021−2024 йилларда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси этиб сайланган.

Янги лавозимда Илҳом Ҳайдаров Алишер Агзамхўжаев ўрнини эгаллади, у май ойида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган эди. У 2017−2025 йилларда Туркияда элчи, 2018 йилдан бошлаб бир вақтнинг ўзида Болгарияда ҳам элчи бўлиб ишлаган.