
Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида шаҳар вокзалигача темир йўл линиясини қуриш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Президентга ўтказилган тақдимот доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» раиси Зуфар Нарзуллаев маълум қилди.
«Президент бизга топшириқлар берди. Таклифлар Урганч аэропортидан Хивага йўл олган туристлар, шунингдек, Хоразм вилояти аҳолиси ва умуман Ўзбекистон халқи учун шароитларни яхшилашга қаратилган. Ташаббуслар доирасида иккита электропоезд қатновини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, узунлиги тахминан 12 км бўлган темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси бўйича таклиф киритилмоқда», — деди.
Эслатиб ўтамиз, тендер ғолиби бўлган Incheon International Airport Corporation билан 2025 йил октябрь ойида Uzbekistan Airports ва Урганч аэропорти ушбу шаҳар ҳаво қўнолғасини модернизация қилиш ва бошқариш тўғрисида келишув имзолаган эди. Реконструкция ишларини 2025–2027 йилларда якунлаш кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 223 млн доллар деб баҳоланмоқда.
Uzbekistan Airports раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа Урганч аэропортини тубдан янгилашга туртки бўлади ва унинг техник параметрларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.
«Бу жаҳон стандартларига мос ва Хоразм вилоятига муносиб даражадаги йирик лойиҳа бўлади. Уни амалга ошириш сайёҳлар ва ишбилармон доиралар вакиллари сонининг кўп баробар ортишига олиб келади», — деди Жавлонбек Умархўжаев.
Тақдимотда Президентга Урганч — Хива автомобиль йўлини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда янги муқобил автомобиль йўлини қуриш концепцияси ҳам тақдим этилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев, шунингдек, Нурафшон — Янгиер ҳамда Жиззах — Ҳайдар-Арнасой йўналишлари бўйича темир йўл линияларини қуриш режаларини тасдиқлади. Ушбу йўналишларда электрлаштирилган, шунингдек, шаҳар атрофи қатновларини ташкил этиш режалаштирилган эди.
Фарғонада Бурҳониддин Марғиноний номидаги экспомарказ ва илмий-тадқиқот маркази қурилиши, Хивада эса конгресс-марказ, тарихий-этнографик парк, Конфуций институти ва Лу Бань устахонаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.