АҚШнинг Браун университетидаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

2025 йил 13 декабрь куни АҚШнинг Род-Айленд штати Провиденс шаҳридаги Браун университетида содир бўлган отишма оқибатида икки талаба, жумладан, ўзбекистонлик Муҳаммад Азиз Умрзоқов ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг оила аъзолари GoFundMe сайтидаги мурожаатида маълум қилди.

«У жуда меҳрибон, қувноқ ва ақлли эди. Нейрохирург бўлиш ва одамларга ёрдам бериш каби катта орзулари бор эди. У оиласи учун ҳар томонлама ўрнак бўлиб қолади», — дейилади мурожаатда.

Хабар эълон қилинган вақтда 3000 дан ортиқ GoFundMe фойдаланувчилари оилани қўллаб-қувватлаш учун қарийб 135 минг доллар хайрия қилишган (қўшимча: 2025 йил 15 декабрь куни соат 16:00 ҳолатига кўра (Тошкент вақти билан) — қарийб 200 минг доллар).

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати душанба куни эрталаб талабанинг вафотини тасдиқлади ва буни барча учун катта йўқотиш деб атади. Хабарда айтилишича, мамлакатнинг АҚШдаги ваколатхоналари марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ва зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

Америка-Ўзбекистон ассоциацияси ҳам Муҳаммад Азиз Умрзоқовнинг яқинларига фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Маълумотларга кўра, у АҚШда вояга етган ва Вирджиния штатининг Мидлотиан шаҳридаги мактабни тамомлаган.

Отишма натижасида, шунингдек, тўққиз киши жароҳатланган, улардан бири шифохонадан чиқарилган, иккинчиси эса оғир, аммо барқарор ҳолатда қолмоқда.

АҚШ расмийлари жиноятда гумонланувчи — 24 ёшли собиқ ҳарбий қўлга олинганини маълум қилган эди. Бироқ кўп ўтмай, далиллар йўқлиги сабабли у қўйиб юборилгани маълум бўлди. Отишмани содир этган шахсни қидириш ишлари давом этмоқда.