Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 04/12/2025

Ўзбекистонда универсал тўлов QR-коди декабрда синовдан ўтказила бошланади

Ўзбекистон Марказий банки нақд пулсиз тўловлар учун универсал QR-кодни жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2025–2026 йилларда финтех соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган.

Универсал QR-коднинг пилот лойиҳаси синов режимида 2025 йил декабрь ойида ишга туширилади. Лойиҳада банклар ва тўлов ташкилотлари иштирок этади.

2026 йил январь ойигача Марказий банк мамлакат тўлов тизимларида универсал QR-коддан фойдаланишга ягона талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак.

2025 йил апрель ойида Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Миразиз Мирҳаётов бугунги кунда савдо нуқталарида бизнес турли тўлов иловалари учун кўпинча бир нечта QR-кодли лавҳаларни ўрнатаётганини, бу эса «харидорлар учун ноқулайлик туғдираётганини» айтган эди.

«Биз ягона стандарт яратмоқчимиз. Шундай қилиб, ташкилотда ягона QR-код ўрнатилади, мижоз эса у орқали ўзи хоҳлаган мобил илова ёки тўлов хизмати орқали тўловни амалга ошириши мумкин бўлади», — деган эди Миразиз Мирҳаётов, режани амалга ошириш учун бир йил керак бўлишини қайд этиб.

Регулятор маълумотларига кўра, 2024 йилда QR-кодлар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми қарийб 31 фоизга — 441,79 миллиард сўмгача ошган, транзакциялар сони эса 2,3 баробар — 246,2 мингтагача ўсган.

Марказий банк QR-кодлар орқали тўловларнинг афзалликлари орасида POS-терминалларни ўрнатишга ҳожат йўқлигини, бу эса бизнес харажатларини камайтиришини, шунингдек, ўтказилган интеграция туфайли солиқ кешбэкининг автоматик равишда ҳисобланишини ажратиб кўрсатмоқда.