Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофотининг сунъий интеллект этикаси соҳасидаги тадқиқотлар бўйича илк лауреатлари эълон қилинди

Абу Райҳон Беруний номидаги сунъий интеллект этикаси соҳасидаги тадқиқотлар бўйича ЮНЕСКО-Ўзбекистон халқаро мукофотининг илк лауреатлари 2025 йил 6 ноябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

Мукофот 2023 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган. У сунъий интеллект соҳасидаги ахлоқий жиҳатлар, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантиришга қаратилган.

Тақдирлашнинг биринчи серияси лауреатлари бўлганлар: профессор Виржилио Аугусто Фернандеш де Алмейда (Бразилия), профессорлар Сьюзан Перри ва Клаудия Рода (Франция), шунингдек, Цинхуа университети (Хитой) Халқаро СИ бошқаруви институтининг профессор-олимлари Лан Сюэ, Чжэн Лян ва Цян Сяо.

Мукофот 2 йилда 1 марта 3 нафар лауреатга – жисмоний шахслар, муассасалар ёки ташкилотларга берилади. Ҳар бир ғолиб медаль, сертификат ва 30 минг доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Тадбир шарафига ЮНЕСКОнинг рақамли кутубхонасига киритиладиган буюк олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросига бағишланган The UNESCO Courier журналининг инглиз ва ўзбек тилларидаги махсус сони ҳам чиқарилди.

«Ўзбекистонда биз масъулият билан инновацияларни олқишлаймиз, сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлар умумий фаровонликка хизмат қилишини таъминлаймиз. Ушбу мукофот бизнинг илмий юксакликка, глобал ҳамкорликка ва билимга бўлган ахлоқий интилишимизга содиқлигимизни акс эттиради», — деди Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари ҳамда Президент Администрациясининг Ижодий иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари Гаянэ Умерова.

«Янги технологиялар — сунъий интеллект, робототехника, биотехнологиялар ёки нейротехнологиялар бўладими — жадал ривожланиши натижасида ўзгарган дунёда бизга ахлоқий компас керак. Тўсиқ сифатида эмас, балки инновациялар доимо умумий фаровонликка хизмат қилиши учун йўл кўрсатувчи юлдуз сифатида», — деди ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле.

Мукофот лауреатлари ҳақида батафсил

Профессор Виржилио Аугусто Фернандеш де Алмейда

Минас-Жерайс Федерал университетининг (UFMG) информатика фахрий профессори илмий тадқиқотлар ва давлат сиёсати орқали Сунъий интеллектга нисбатан ахлоқий, инклюзив ва инсонга йўналтирилган ёндашувларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотга сазовор бўлди. Унинг ҳозирги тадқиқотлари Сунъий интеллект, алгоритмлар, этика ва бошқарувни бирлаштириб, алгоритмик тизимлар демократияга қандай таъсир кўрсатиши ва тенгсизликни чуқурлаштириши мумкин бўлган ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаришини ўрганмоқда. Унинг «Рақамли дунёдаги бошқарув» (Palgrave Macmillan, 2020) ва «Алгоритмик институционализм: Ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг ўзгарувчан қоидалари» (Oxford University Press, 2023) китоблари ахлоқий принципларга асосланган алгоритмларни демократлаштиришни қўллаб-қувватлайди ва рақамли бошқарувни кенгроқ ижтимоий ўзгаришлар билан боғлайди.

Профессорлар Сьюзан Перри ва Клаудия Рода

Профессор Сьюзан Перри — инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис, Клаудия Рода — информатика мутахассиси. Улар тадқиқот, таълим ва ижтимоий интеграцияни бирлаштирган ҳолда, ёшларга йўналтирилган ва истиқболли Сунъий интеллект этикаси бўйича инновацион ишлари учун биргаликда мукофотга лойиқ топилдилар. Профессорлар Рода ва Перрининг тадқиқотлари технологик инновацияларни ривожлантириш ва шу билан бирга фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасидаги муҳим мувозанатга эришишга ёрдам беради. Бу яхлит қараш технология ва инсон қадр-қимматининг мураккаб кесишишида ҳаракат қилаётган талабаларга, сиёсатчиларга ва амалиётчиларга таъсир кўрсатади.

Хитой Цинхуа университети Халқаро СИ бошқаруви институти

Институт академик юксакликни сиёсатга сезиларли таъсир билан уйғунлаштирган ҳолда, Сунъий интеллект этикаси бўйича тадқиқотларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотга сазовор бўлди. Мукофотни Цинхуа университети Халқаро СИ бошқаруви институти (I-AIIG) ходимлари: директор, декан, профессор Лан Сюэ, декан ўринбосари, профессор Чжэн Лян, декан ўринбосари, профессор Цян Сяо қабул қилиб олдилар.

2020 йилда ташкил этилган институт Хитойда сунъий интеллектнинг ахлоқий ва бошқарув жиҳатлари бўйича академик тадқиқотлар ва сиёсий мулоқот учун етакчи марказ ҳисобланади. I-AIIG Сунъий интеллектни бошқариш соҳасидаги тадқиқотлар, салоҳиятни ошириш ва кўп томонлама ҳамкорликка фаол кўмаклашади. I-AIIG ўз тадқиқотлари ва халқаро ҳамкорликлари туфайли инклюзив ва масъулиятли Сунъий интеллект бошқарувини ривожлантириш ҳамда хавфсиз, адолатли ва барқарор глобал Сунъий интеллект экотизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш устида ишламоқда.