Ўзбекистонда яна икки туроператор Умра ташкил этиш учун лицензия олди

Умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга туроператорлар сони 14 тага етди, дея хабар берди Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот хизмати.

Бир ой давомида — 2025 йил 7 мартдан 7 апрелгача — тадбиркорлик субъектларидан Умра ташкил этиш учун лицензия олиш бўйича аризалар қабул қилинди. Танлов комиссияси якунларига кўра, туроператорлар рўйхатини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Лицензиялар икки фирмага — «Centrum holidays» МЧЖ (Тошкент, Миробод тумани, Ойбек кўчаси, 38-уй) ва «Бухоро умра жамияти» МЧЖга (Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, Абу Али Ибн Сино кўчаси, 6-уй) берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 2 июлдаги қонунга мувофиқ, Умра зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш хизматлари лицензияланадиган фаолият турига айланди. Лицензиялаш ваколати Дин ишлари бўйича қўмитага берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги қарори билан бундай операторлар учун қатор мажбурий шартлар жорий этилган бўлиб, улар орасида Зиёрат фондида 1 миллион доллар захира қилиш, малакали диний мутахассисга эга бўлиш ва зиёратчиларни жўнатишдан олдин уларга бориш ва қайтиш учун авиачипталарни сотиб олиш кабилар бор.

2024 йил ноябрь ойида Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёратини ташкил этиш учун лицензия олган турфирмалар рўйхатини эълон қилган эди. Улар орасига фақат 12 та компания кирган эди.

Тўлиқ рўйхат.