Таэквондочи Улуғбек Рашитов допингга қарши қоидаларни бузгани учун икки йилга дисквалификация қилинди

Ўзбекистонлик таэквондочи ва икки карра Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов допингга қарши қоидаларни бузганлиги сабабли икки йил муддатга мусобақалардан четлатилди. Бу ҳақда Халқаро допинг-тест агентлиги (ITA) Бутунжаҳон таэквондо федерацияси номидан хабар берди.

Агентлик баёнотига кўра, 23 ёшли спортчи 12 ой ичида уч марта ўзининг қаердалиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш талабларини бузган. Бундай ҳаракатлар допингга қарши қоидабузарлик сифатида таснифланади, чунки улар мусобақадан ташқаридаги кутилмаган тестларни ўтказишга тўсқинлик қилади.

«Рашитов қоидабузарлик фактига эътироз билдирмади ва ITA томонидан таклиф қилинган оқибатларга рози бўлди, бу эса ишни „оқибатларни қабул қилиш“ тартибида ёпиш имконини берди», — дейилади хабарда.

Дисквалификация даври 2025 йил 13 майдан (ихтиёрий вақтинчалик четлатиш санаси) бошланиб, 2027 йил 12 майгача давом этади.

Бундан ташқари, Рашитовнинг учинчи қоидабузарлик содир этилган пайтдан бошлаб — 2025 йил 3 февралдан четлатиш муддати бошлангунга қадар кўрсатган барча яккалик мусобақа натижалари бекор қилинади. Taekwondo Data веб-сайтидаги маълумотларга кўра, таэквондочи 2024 йилги сўнгги Олимпиададан кейин расмий турнирларда иштирок этмаган.

Қарор, агар томонлар хоҳласа, Спорт арбитраж судининг (CAS) апелляция бўлимига шикоят қилиниши мумкин.

Спортчи рўйхатдан ўтган тест топшириш гуруҳига (RTP) киритилган бўлиб, ҳар куни ўз жойлашувини маълум қилиши ва тест топшириш учун 60 дақиқалик вақт оралиғини белгилаши шарт эди. Бундан мақсад допингга қарши ташкилотларга спортчиларни олдиндан огоҳлантирмасдан, мусобақадан ташқарида тест ўтказиш учун аниқлаш имконини бериш ҳисобланади.