Жиззах вилояти фуқароси Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашгани учун 3 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этилди

Жиззах вилояти Бахмал тумани фуқароси Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашгани учун судланди.

Судланувчи Б. М. судда илгари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчиси бўлганини айтди — у 2010 йилда Андижон вилоятидаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига қарашли ҳарбий қисмда шартнома асосида хизматга кирган.

2018 йил февраль ойигача бир нечта ҳарбий қисмда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, сўнг оилавий шароитлар туфайли ҳарбий хизматдан бўшатилган. Ўша йили у Москвага ишлаш учун кетган, қурилишда ишлаган ва 2021 йил май ойида Ватанига қайтган. У иккинчи марта 2023 йил май ойида Россияга кетган. Аввалига қурилишга ишга жойлашган, бироқ қурилиш ҳажмининг қисқариши, маошларнинг кечикиши ва пулга муҳтожлик туфайли июль ойида РФ Мудофаа вазирлигига ҳарбий хизматга қабул қилиш тўғрисидаги эълонга жавоб берган.

У шартнома тузиб, Самара вилоятининг Тольятти яқинидаги ўрмонларда жойлашган РФ ҳарбий қисмида ҳайдовчи сифатида хизматни бошлаган. Уч ой давомида ҳарбий тайёргарликдан, жумладан, АК-74 автоматидан ўқ отиш машғулотларидан ўтган.

2023 йил октябрь ойида Б. М. Луганск вилоятининг “Мирное” қишлоғига юборилган. У ерда ёқилғи, озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериш билан шуғулланган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, у Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларда қатнашмаган.

2024 йил июль ойида унинг шартномаси тугаган. Бундан бироз олдин ҳарбий қисм ходимлари унга 2024 йил май ойида фуқаролик паспорти берилишини маълум қилишган. Шу тариқа у РФ фуқаролигини олганини билган, сўнгра Россия ташқи паспортини расмийлаштирган.

Б. М. ўз шахсини ва урушда қатнашганлиги фактини яшириш мақсадида Ўзбекистон ташқи паспортининг ички саҳифаларини атайлаб йиртиб, яроқсиз ҳолга келтирганини тушунтирди.

Хизмат давомида Б. М. ҳар ой маош олган: дастлабки олти ойда — 43 500 рубль, кейинги олти ойда — 210 минг рубль. Судланувчи топган пулларга Россиянинг Калуга вилояти Думиничи туманидан икки хонали уй сотиб олган.

Шартнома тугагандан сўнг у қурилиш ишларига қайтган — 2025 йил февраль ойигача Москвада ишлаган, сўнгра «иш ҳажмининг камайиши туфайли» иккинчи марта Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.

Бу сафар ўзбекистонлик ҳарбий-денгиз кучларини ҳимоя қилишга ихтисослашган, Севастополь вилоятидаги ҳарбий қисмга юборилган. Қўмондонлар унга ҳарбий қисмни Украина ҳудудидан юбориладиган учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмалар берган.

Март ойида тиш оғриғини баҳона қилиб, Б. М. Москвадаги ҳарбий госпиталга йўл олган. У ерда қарийб бир ой бўлган, сўнг Москвадан Самарқандга авиачипта сотиб олиб, уйига қайтган.

Ўзбекистонда уни Б. М. РФ Қуролли кучларида хизмат қилганини билиб қолган туман аҳолисидан бирининг хабарига кўра ҳибсга олишган.

Суд ҳукмида Б. М. хизмат вақтида РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу имзоси туширилган «Жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун» медали, РФ президенти Владимир Путин номидан II даражали «Жасорат учун» медали (жанговар ва бошқа операциялар давомида кўрсатилган жасорат учун берилади) ва ҳарбий қисм командири номидан «Спецназ» медали билан тақдирлангани қайд этилган.

Судланувчи судда айбини тўлиқ тан олди ва пушаймонлигини билдирди. Суд бошқа давлат фуқаролигини олиш уни Ўзбекистон фуқароси сифатида мамлакат қонунлари бўйича жавобгарликдан озод этмаслигини таъкидлади, аммо судланувчининг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, 4 нафар фарзанди ва кекса ота-онаси борлиги каби енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олди.

Судланувчи томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар тоифасига киритилди. Суд Б. М. ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) ва 228-моддаси 2-қисми «а» банди (Ҳужжатлар, штамплар, печатлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди.

Б. М. жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.