Украинада меҳнат қуллигидан озод қилинган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилади — ТИВ

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Киев вилоятида меҳнат қуллигидан озод қилинган 13 нафар фуқаро билан боғлиқ вазиятни назоратга олди. Уларни Ўзбекистонга қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, дейилади дипломатик ваколатхонанинг 2025 йил 19 сентябрдаги хабарида.

Оммавий ахборот воситаларида 13 нафар Ўзбекистон фуқаросининг иссиқхонада мажбурий меҳнатидан фойдаланилганлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлганидан сўнг, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари вазиятни аниқлаш учун воқеа жойига боришган.

Озод қилинган фуқароларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш учун улар Киев вилоятидаги шифохоналардан бирига жойлаштирилган.

Ўзбекистон фуқароларига тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва Украина Бош прокуратурасига тегишли ноталар юборилган, дейилади хабарда.

Элчихона Ўзбекистон фуқароларининг Украинадаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва қонуний ҳуқуқларини тиклаш учун барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, элчихона «Украинада одамлар ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятлар кузатилаётгани сабабли, ҳозирги вақтда бу мамлакатга сафарларни режалаштирмасликка» чақирди.

Украина Миллий полицияси ва Бош прокурор офиси Киев вилоятида Ўзбекистон фуқароларини агрокорхоналарда ишлашга мажбурлаган бир гуруҳ шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Полиция маълумотларига кўра, схемани 51 ёшли Хитой фуқароси ташкил этган бўлиб, унга яна икки нафар ХХР фуқароси, Таиланд фуқароси, шунингдек, беш нафар украиналик ва Ўзбекистон фуқароси ёрдам берган.

Озод қилинган фуқаролар 22 ёшдан 42 ёшгача. Уларга юқори маошлар ваъда қилинган, аммо улар Украинага етиб келгач, паспортлари олиб қўйилган. Эркак ва аёллар ноқонуний равишда ушлаб турилган ва иккита агрокорхонада қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурланган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари одам савдоси моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Жабрланганларга Халқаро миграция ташкилоти ва Украина Миллий ижтимоий хизмат кўрсатиш хизмати кўмагида ёрдам кўрсатилаётгани хабар қилинган эди.