
Украина ҳарбийлари Россия томонида Ўзбекистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Африка давлатларидан келган ёлланма жангчиларнинг Харков вилоятининг Волчанск йўналишидаги жангларда иштирок этаётганини қайд этмоқда, дея маълум қилди Украина президенти Владимир Зеленский.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бу ҳақда унга 2025 йил 4 август куни фронтга ташрифи чоғида мулоқотда бўлган қўмондонлар айтиб беришган. «Муносабат билдирамиз», — деб ёзди Украина раҳбари.
2025 йил июль ойи охирида Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси Ўзбекистон уруш пайтида Украина ҳудудида асирга олинган фуқаролари сони бўйича 33 давлат орасида биринчи ўринда турганини маълум қилган эди. Лойиҳа маълумотларига кўра, уларнинг барчаси у ерга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида ёлланма жангчи сифатида келган.
«Хочу жить» Россия армиясидаги манбаларга таяниб, 2025 йилда Россия урушга 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини ёллашга муваффақ бўлганини ҳам таъкидламоқда.
Ўзбекистон расмийлари «Хочу жить» лойиҳасининг маълумотларига ҳозирча изоҳ бермади.
Аввалроқ BBC рус хизмати «Медиазона» нашри билан биргаликда 2025 йил июлига келиб Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 500 дан ортиқ хорижлик Украинадаги урушда ҳалок бўлганини ҳисоблаб чиққан эди. Журналистлар маълумотларига кўра, Россия томонида жангларда камида 66 нафар Ўзбекистон ва 72 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган. Иккала мамлакат ҳам Украинада Россия учун ҳалок бўлган фуқаролар сони бўйича кучли бешликка киради.
2025 йил май ойида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё давлатларидан 20 минг нафар муҳожир Украинага қарши урушда иштирок этаётганини айтган эди. «Биз Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатга турмаган чет элликларни ушлаяпмиз… 80 минг кишини ушлаб, ҳарбий рўйхатга қўйдик ва негадир Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни истамаётган 20 минг нафар „ёш“ Россия фуқаролари аллақачон олдинги сафда турибди», — деганди у ўшанда.

