
Украина ҳудудида ҳарбий можаро пайтида асирга олинган фуқаролари сони бўйича Ўзбекистон 33 та давлат орасида биринчи ўринни эгаллади. Уларнинг барчаси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида ёлланма аскар сифатида у ерда бўлган, дея хабар берди 2025 йил 30 июль куни россиялик ҳарбийларга ихтиёрий равишда таслим бўлишда ёрдам бериш учун тузилган Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси.
Украина Бош разведка бошқармаси томонидан назорат қилинадиган лойиҳа Россия Ўзбекистон фуқароларини урушда иштирок этиш учун ёллаш бўйича саъй-ҳаракатларини оширишда давом этаётганини қўшимча қилди.
«РФ Қуролли кучларидаги манбаларимиздан биз Россия армияси билан шартнома имзолаган барча ҳақида маълумот олмоқдамиз. 2025 йилда Россия урушга 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини ёллашга муваффақ бўлди», — дейилади хабарда.
2025 йил апрель ойида «Хочу жить» лойиҳаси урушда иштирок этиш учун РФ Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳақида хабар берган эди, бироқ қайси давр ҳақида гап кетгани аниқланмаган. Лойиҳа маълумотларига кўра, бу рўйхатдаги камида 109 киши ҳалок бўлган. BBC’нинг рус хизмати ва «Медиазона»нинг июль ойида эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра, камида 66 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи Россиядаги колониялардан фронтга юборилганлардир.
Украина томонининг таъкидлашича, РФга меҳнат муҳожири сифатида келган ўзбекистонликлар юқори ҳақ тўланадиган иш, масалан, қурилиш майдончаларида ёки армиянинг фронт орти бўлинмаларида ишлаш баҳонаси билан ҳарбий ҳаракатлар зонасига жалб қилинмоқда. Асосий рағбатлантирувчи омиллардан бири Россия фуқаролигини олиш ваъдаси. Бу ёлланмачилик бўйича Ўзбекистон судларидаги кўрсатмаларда бир неча бор тасдиқланган.
Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётганлар таҳдид ва руҳий босим орқали урушда иштирок этишга мажбурланмоқда, дея қайд этади «Хочу жить» лойиҳаси. Лойиҳа маълумотларига кўра, ёллаш кўпинча шантаж билан, айниқса яқинда Россия фуқаролигини олган муҳожирларга нисбатан амалга оширилади.
2025 йил май ойида РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «80 мингга яқин Россия фуқаросини ушлаб турганини» айтган эди. Унинг сўзларига кўра, улар ҳисобга олинган, «ва нима учундир Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни ёқтирмайдиган 20 мингга яқин «ёш» Россия фуқароси фронт чизиғида».
«Шу билан бирга, бизнинг маълумотларимизга кўра, 2025 йил 5 июнь куни Курск вилоятидаги «Постоялые дворы» полигонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегациясининг ноошкора ташрифи бўлиб ўтган. Делегацияга Ленинград ҳарбий округи ҳарбий хизматчиларининг жанговар тайёргарлик элементлари ҳақида маъруза тақдим этилган», — дейилади «Хочу жить» нашрида.
«Ўзбекистон фуқароларининг россиялик ёлловчиларнинг тузоғига тушиб қолмаслиги муҳим. Ҳар бир имзоланган шартнома — бу бир томонлама чипта. Ўзбекистон ҳукумати буни англаб етади ва ўз фуқароларининг ҳаётини ҳимоя қилиб, Россия ҳаракатларига нисбатан қатъийроқ муносабатда бўлади, деб умид қиламиз», — дея мурожаат қилди Украина томони.
2025 йил 1 август куни «Хочу жить» лойиҳаси хорижий давлатлардан Украина томонидан асирга олинган ёлланма аскарларнинг фотосуратлари ва исмлари акс этган коллажни эълон қилди. Улар орасида 12 нафари Ўзбекистон фуқароси сифатида белгиланган.
Нашрда Россия «асирга олинган хорижий ёлланма аскарларни қайтаришдан унчалик манфаатдор эмаслиги» қайд этилган.
Улар ҳарбий асирлар учун ихтисослашган лагерларда сақланмоқда ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ваколатхонаси билан алоқа қилиш имкониятига эга, дея маълум қилди Украина томони. «Ўз фуқароларига бефарқ бўлмаган давлатлар элчихона ходимларини улар билан учрашувга юборадилар», — дейилади хабарда.
2025 йил май ойида «Хочу жить» Ўзбекистондан олти нафар ҳарбий асирнинг Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатларини ҳам эълон қилган эди. Улар орасида 2025 ва ундан аввалроқ асирга олинган фуқаролар ҳам бор. «Улар Россия уларни алмашинув рўйхатига киритишини кутмоқдалар, аммо ҳозирча бу содир бўлмаяпти», — дейилади нашрда.
Видеога олинган икки нафар фуқарони «Газета.uz» Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлганлар рўйхатидан топди. Иккаласи ҳам ёлланмачилик ҳақидаги 154-модда бўйича қидирилмоқда. Умуман олганда, 154-модда бўйича Ўзбекистон 95 кишини қидирмоқда.
Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, ўзбекистонликларнинг учинчи мамлакатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланмачилик, яъни чет давлат ҳудудидаги қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда пул мукофоти олиш мақсадида иштирок этган, можарода иштирок этаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган, ёхуд можаро иштирокчиси томонидан назорат қилинадиган ҳудудда доимий яшамайдиган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 млн сўм) жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланмачилик ҳолатида эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.