Украинада меҳнат қуллигидан 13 нафар ўзбекистонлик озод қилинди

Украинанинг Киев вилоятида Ўзбекистон фуқароларини агрокорхоналарда ишлашга мажбурлаган бир гуруҳ шахслар ҳибсга олинди, дея хабар беради Украина Миллий полицияси ва Бош прокурор офиси.

Полиция маълумотларига кўра, схемани Украинада вақтинчалик яшаш рухсатига эга бўлган 51 ёшли Хитой фуқароси ташкил этган. Унга яна икки нафар ХХР фуқароси, Таиланд фуқароси, шунингдек, беш нафар украиналик ёрдам берган. Прокуратура хабарида таъкидланишича, ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Полиция маълумотига кўра, ҳибсга олинганлар чет элдаги шериклари орқали 22 ёшдан 42 ёшгача бўлган 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини юқори маош таклиф қилиш орқали топган. Улар Украинага келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва ноқонуний равишда ушлаб турилиб, Киев вилоятидаги иккита агрокорхонада қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурланган. Жабрланувчиларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари «ўта таҳқирловчи» бўлган, уларнинг ҳаракатланиши қатъий чекланган, дейилади хабарда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари одам савдоси моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Ушбу жиноят учун максимал жазо 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Тинтув давомида ҳибсга олинганлардан қарийб 3 миллион гривна миқдоридаги пул маблағлари, 5 та автомобиль, банк карталари, Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари олиб қўйилди.

Полициянинг аниқлик киритишича, жабрланганларга Халқаро миграция ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси ва Украина Миллий ижтимоий хизмат кўрсатиш хизмати кўмагида ёрдам кўрсатилмоқда.