Рақобат қўмитаси Ucell’ни офертага маънавий зарар учун жавобгарликни киритишга мажбур қилди

Ucell (Coscom МЧЖ) мобил операторининг оммавий офертаси қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилди, дея хабар берди Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмита аралашувига фуқаро В. К.нинг мурожаати сабаб бўлган. У ўз мурожаатида Ucell’нинг оммавий оферта шартномасида маънавий зарарни қоплаш қисмида истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган бандлар мавжудлигини кўрсатган. Аризачи ушбу шартларни қонунчиликка мувофиқлаштиришда ёрдам сўраган.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ, сифатсиз хизматлар кўрсатилганда, моддий ва маънавий зарарлар ҳам қопланиши лозим, истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган шартнома қоидалари эса ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Қўмита томонидан ушбу мурожаат бўйича ўтказилган таҳлил давомида, Ucell’нинг Prepaid тизимида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича оммавий офертасида томонларнинг жавобгарлиги фақат тўғридан-тўғри зарар учун назарда тутилганлиги, маънавий зарар ва бой берилган фойда учун жавобгарлик эса назарда тутилмаганлиги аниқланди.

Қўмита операторга оммавий оферта шартларини қонунчиликка мувофиқ қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Компания моддий ва маънавий зарар учун ҳам жавобгарликни назарда тутувчи ўзгаришларни киритди.