Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 18/01/2026

Футбол: Ўзбекистон Хитойга имкониятни бой бериб, U-23 Осиё кубогини тарк этди (видео)

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогидаги иштирокини якунлади. 2026 йил 17 январь куни бўлиб ўтган чорак финал учрашувида Равшан Ҳайдаров шогирдлари Хитой терма жамоасига пенальтилар сериясида (0:0, 2:4) имкониятни бой берди.

Асосий ва қўшимча вақтларда дарвозаларга гол урилмади — 0:0.

Ўзбекистонликлар ташаббусга эгалик қилишди ва асосий статистик кўрсаткичлар бўйича рақибдан устун келишди. Футболчилар дарвоза томон 22 та зарба йўллашди, улардан 7 таси аниқ борди. Хитой терма жамоасида эса 4 та зарба қайд этилиб, уларнинг бирортаси аниқ чиқмади.

Тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 72 фоизга 28 фоизни ташкил этди. Кутилаётган голлар (xG) бўйича ҳам устунлик Ўзбекистон томонида бўлди — 0,80 га қарши 0,26.

Осиё футбол конфедерацияси (AFC) шарҳида таъкидланишича, Хитой терма жамоаси дарвозабони Ли Хао учрашув ва пенальтилар сериясида ҳал қилувчи ролни ўйнади. Ўйин давомида у бир неча бор жамоасини муқаррар голлардан, жумладан, Асилбек Жумаев, Равшан Ҳайруллаев ва Сардорбек Баҳромовнинг хавфли зарбаларидан қутқариб қолди.

Ўзбекистон терма жамоаси томонидан уюштирилган босим Хитой жамоасини ўйиннинг катта қисмида чуқур ҳимояланишга мажбур қилди.

Пенальтилар сериясида дастлабки 5 та зарба гол билан якунланди, шундан сўнг Беҳрузжон Каримов ва Ян Хаоюй биттадан имкониятни бой беришди. Ли Хао Дилшод Абдуллаевнинг зарбасини қайтарди, ҳал қилувчи пенальтини эса Ван Бохао голга айлантирди — 4:2, Хитой терма жамоаси фойдасига.

U-23 Осиё кубоги ярим финалида Хитой терма жамоаси Вьетнам билан тўқнаш келади. Вьетнамликлар чорак финалда БАА ёшлар терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этган эди.