Футбол бўйича U-17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон рақиблари аниқланди

2025 йил 25 май куни Доҳа (Қатар) шаҳрида 17 ёшгача бўлган футболчилар (U-17) ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг рақиблари аниқланди.

Ўзбекистон J гуруҳидан жой олди ва унда Парагвай, Панама ва Ирландия терма жамоалари билан тўқнашади. Ўсмирлар терма жамоаси турнирни 5 ноябрь куни Парагвайга қарши ўйин билан бошлайди, сўнг 8 ноябрь куни Ирландияга қарши ўйин бўлиб ўтади, гуруҳдаги сўнгги учрашувда эса футболчиларни 11 ноябрь куни Панамадан рақиблар кутади.

Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин Ўзбекистон терма жамоаси 13 ва 19 июнь кунлари Чили ва Боливияга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказади.

Жаҳон кубоги 2025 йил 3 ноябрдан 27 ноябрга қадар Қатарда бўлиб ўтади, унда 48 та жамоа иштирок этади. 12 та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган 24 та жамоа ҳамда учинчи ўринни эгаллаган энг яхши 8 та жамоа 1/8 финалга чиқади.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида ғолиб чиқиб, U-17 жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган эди.

Мураббийнинг изоҳи

Терма жамоа бош мураббийи Исламбек Исмоилов қуръа натижаларини шарҳлаб, бўлажак рақибларни баҳолади.

«Ҳар учала рақиб ҳам ўз минтақаларининг кучли вакиллари бўлиб, бу турнирга ҳақли равишда чиққан. Шу боис, ҳар бир ўйинга алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрамиз», — деди мураббий.

У ҳар бир жамоани батафсил тавсифлади:

«Парагвай — Жанубий Америка жамоаси бўлиб, жисмоний куч, интизом ва техника уйғунлиги билан ажралиб туради. Улар ҳеч қачон курашдан воз кечмайди. Панама — CONCACAF минтақасининг ривожланаётган футбол мактаби, уларнинг ўйин услуби тезлик, қарши ҳужумлар ва юқори прессингга асосланган. Ирландия — аниқ қурилган ўйин ва интизомга эга классик Европа футболи вакили».

Бош мураббий жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида осон ўйинлар бўлмаслигини таъкидлади:

«Бу даражада заиф рақиб йўқ. Лекин биз ҳам шунчаки иштирокчи эмасмиз. Осиё чемпионлари сифатида биз шунчаки ўйнаш учун эмас, балки ҳар қандай рақиб билан рақобатлашиш, ўз салоҳиятимизни кўрсатиш ва мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун боряпмиз».

Унинг сўзларига кўра, жамоа ўз кучларига ишонмоқда ва турнирнинг барча жиҳатларига тўлиқ эътибор билан тайёрланмоқда.

«Бизда ишонч бор. Жамоа сўнгги йилларда катта тажриба тўплади, мураккаб ўйинлардан ўтди ва энди ҳар бир ўйинга чуқур таҳлил, аниқ режа ва юқори жанговар руҳ билан ёндашмоқда. Биз рақибларни ўрганишга, иқлим ва шароитларга мослашишга, шунингдек, футболчиларнинг максимал психологик ва тактик тайёргарлигига эътибор қаратганмиз. Биз учун жаҳон майдонида Ўзбекистон байроғини кўтариш ва мухлисларга қувонч бахш этиш шарафдир», — дея сўзини якунлади бош мураббий.