Ўзбекистон CAFA Nations Cup’да Туркманистонни мағлуб этди (видео)

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA Nations Cup) Миллатлар кубогининг иккинчи турида ғалаба қозонди. 2025 йил 2 сентябрь куни Тошкентдаги янги «Олимпик» стадионида бўлиб ўтган учрашув 2:1 ҳисобида якунланди.

37-дақиқада майдон эгалари ҳисобни очди. Русланбек Жиянов жарима майдончасига узатма берди, «Пахтакор»нинг 32 ёшли ҳужумчиси Игорь Сергеев эса чап пастки бурчакка аниқ зарба берди — 1:0.

44-дақиқада Сергеев пенальтини аниқ амалга ошириб, дублни расмийлаштирди.

59-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси камчиликда қолди: ҳимоячи Фаррух Сайфиев қўпол фоли учун қизил карточка олди. У тўпга зарба бераётганда оёғи билан дарвозабоннинг бошига тегиб кетди ва дарвозабон майдондан замбилда олиб чиқиб кетилди.

84-дақиқада Туркманистон битта гол урди — Дидар Дурдиев 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширди.

Икки учрашув якунига кўра, Ўзбекистон 4 очко билан «А» гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Уммон (4) иккинчи, Қирғизистон ва Туркманистон (1 очкодан) жадвални якунлаб турибди.

Ўзбекистонликлар кейинги ўйинни 2025 йил 5 сентябрь куни соат 19:30 да Қирғизистонга қарши ўтказади.