Ўзбекистонда eSIM, «ягона чипта» ва рақамли гидга эга туристлар учун илова яратилади

Президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги қарорида туризмни рақамлаштириш чора-тадбирлари санаб ўтилган.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Ягона миллий туризм платформаси ва унинг мобил иловаси ишга тушади, улар орқали қатор янги хизматлар тақдим этилади.

Жумладан, хорижий туристларни туристик электрон SIM-картага улаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш давлат чегарасини кесиб ўтиш чоғида тўпланадиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда, уларнинг розилиги асосида проактив шаклда амалга оширилади.

Иловада саёҳат йўналишини тузиш, оптимал транспорт турини танлаш, барча турдаги транспорт чипталарини онлайн банд қилиш ва сотиб олиш имконияти ҳам бўлади.

Чипта тизими жорий этилган барча туристик объектларга, шу жумладан музейлар, маданий мерос объектлари, маданият, кўнгилочар ва дам олиш масканларига чипталарни онлайн сотиб олиш имконияти билан «ягона чипта» тизими жорий этилади.

Экскурсиялар ўтказиш учун «рақамли гид» тизимини ишга тушириш режалаштирилган. У туристик объектлар ҳақида интерактив хариталар, планшетлар, аудио- ва видеоёзувчи ҳамда онлайн трансляциялар орқали маълумот беради.

Алоҳида таъкидланишича, аҳоли томонидан дачаларни ижарага бериш Soliq Солиқ қўмитасининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда — бир киши номига, дам олувчилар сони «мен билан бирга» форматида кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

2026 йил охиригача Ягона миллий туризм платформаси доирасида сунъий интеллект ва катта маълумотларни таҳлил қилиш тизими жорий этилади. У туристлар оқимини (тоифалар бўйича) ва уларнинг афзалликларини таҳлил қилиш, шахсийлаштирилган йўналишлар ва таклифлар яратиш, нархларни шакллантириш ва ресурсларни тақсимлаш имконини беради. Тизим «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий мажмуаси билан интеграция қилинади.