Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 22/08/2025

Тошкентда тунги автобусларнинг дастлабки йўналишлари маълум қилинди

Тошкентда тунги автобуснинг биринчи йўналиши йил охиригача ўз фаолиятини бошлайди, бу ҳақда пойтахт Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи в.б. Аллаёр Норбўтаев маълум қилди.

Аввалроқ бундай режалар халқ депутатлари шаҳар Кенгаши мажлисида эълон қилинган эди. Хабар берилганидек, қизил рангга бўялган тунги автобуслар соат 22:00 дан 6:00 гача 30 дақиқалик интервал билан ҳаракатланади. Улар кундузги йўналишлардан фарқли ўлароқ, ўз йўналишларига эга бўлади (Т — «тунги» белгиси билан) ва аэропорт, вокзаллар, метро бекатлари, сайёҳлик кўчалари, савдо-кўнгилочар марказлар, йирик бозорлар, касалхоналар ва талабалар ётоқхоналарини боғлайди.

Йўналишларни икки босқичда ишга тушириш режалаштирилган. Жами 15 та йўналиш ташкил этилиб, уларда 54 та автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан 33,3 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.

Биринчи босқичда 136 кмни қамраб оладиган 8 та йўналишни ишга тушириш режалаштирилган. Бу йўналишларда 31 та автобус ҳаракатланади. Йўналишлар:

  • T1: Қўйлиқ деҳқон бозори – Ҳусайн Байқаро кўчаси;
  • Т2: Қипчоқ кўчаси – «Ўзгариш» метроси;
  • Т3: Чилонзор буюм бозори – Гулханий кўчаси;
  • Т4: маҳаллий аэропорт (3-терминал) – «Чорсу» бозори;
  • Т5: Шифобахш сувлар кўчаси (Зангиота туманида) – Чорсу;
  • Т6: Юнусобод 6-мавзе – Юнусобод 17-мавзеси;
  • Т8: Шимолий вокзал – «Шофайз» маҳалласи.

Иккинчи босқичда умумий узунлиги 98 км бўлган 7 та йўналишни очиш режалаштирилган. Бунда 23 та автобусдан фойдаланилади. Йўналишлар:

  • Т9: Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пункти – Амир Темур шоҳ кўчаси;
  • Т10: ТТЗ – Амир Темур шоҳ кўчаси;
  • Т11: Food City – Амир Темур шоҳ кўчаси;
  • Т12: «Қипчоқ» метро бекати – Амир Темур шоҳ кўчаси;
  • Т13: Чилонзор буюм бозори – «Чорсу» савдо маркази;
  • Т14: «Назарбек» маҳалласи – Чорсу;
  • Т15: Келес қишлоғи – Чорсу.

Тошкентда ташкил этилаётган сайёҳлик кўчалари рўйхатига Ҳусайн Байқаро, Шокирариқ, Меҳригиё, Сўғдиёна, Жалоир, Ал-Хоразмий, Фарҳод, Гулханий, Қўрғонтепа, Форобий, Тараққиёт, Рихсилий, Юқори Қорақамиш, Ҳамид Олимжон, Содиқ Азимов, «Ўзбекистон овози», Тарас Шевченко ва Шота Руставели кўчалари киради.

Аллаёр Норбўтаев Кенгаш сессиясида тунги автобусларда йўл ҳақи оддий автобуслардаги каби бўлишини маълум қилди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, тарифни қимматроқ қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.