
Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги аёлларнинг қарийб 70 фоизи туғруқ жараёнида қўпол муомалага дуч келган. БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан эълон қилинган «Ҳомиладор аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш: Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги аёлларнинг тажрибаси ва қарашлари» номли янги ҳисоботда шу ҳақда сўз боради.
Ҳисобот натижалари UNFPA томонидан минтақанинг 16 та давлатида, шу жумладан Ўзбекистонда яқинда фарзанд кўрган 2600 дан ортиқ аёл ўртасида ўтказилган онлайн сўровномага асосланган.
Респондентларнинг учдан икки қисми қўпол муомаланинг камида бир шакли ҳақида хабар берган — булар розиликсиз тиббий муолажалар, оғзаки ва жисмоний зўравонлик, шунингдек, махфийликнинг жиддий бузилиши, деб қайд этади UNFPA.
«Бу натижалар — ташвишли сигнал… Акушерлик зўравонлиги шунчаки клиник муаммо эмас; бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб, аёлларни ожизлик ва стресс ҳолатида қолдиради ҳамда уларнинг саломатлиги ва фаровонлигига узоқ муддатли таъсир кўрсатади», — деди UNFPAнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Флоренс Бауэр.
Ҳисоботнинг бошқа асосий хулосалари:
- Аёлларнинг деярли ярми (48,1 фоизи) эпизиотомия, кесарча кесиш ёки окситоцин юбориш каби акушерлик муолажаларига ўзларининг хабардор қилинган розилигисиз дучор бўлган;
- Сўровда қатнашган аёлларнинг тахминан 24 фоизи оғзаки зўравонлик, жумладан, бақириш ва камситишлар ҳақида хабар берган, ҳар ўнинчи аёл эса туғруқ ёки гинекологик кўрик пайтида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келган;
- Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (53,7 фоизи) «акушерлик зўравонлиги» атамаси билан таниш бўлмаган ва жабрланганларнинг фақат 2 фоизигина бошидан кечирганлари ҳақида расман хабар берган. Жабрланувчиларни ҳисобдорлик механизмларига ишонч йўқлиги ёки ўч олинишидан қўрқиш тўхтатиб қолмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги аёлларнинг қарийб учдан икки қисми акушерлик зўравонлиги ҳақида маълумотга эга эмас, бу қисман маданий ва ижтимоий нормалар билан боғлиқ, деб таъкидланади ҳисоботда.
Ёш аёллар (18–24 ёш) ва иқтисодий жиҳатдан заиф ҳолатдаги ёки маълумот даражаси паст бўлган аёллар зўравонлик ҳақида кўпроқ хабар беришган.
UNFPA ва Европа Акушерлик ва гинекология кенгаши (EBCOG) минтақа ҳукуматлари ва тиббиёт ҳамжамиятларини акушерлик зўравонлигига чек қўйиш бўйича комплекс стратегияларни жорий этишга, жумладан, туғруқдан олдинги таълимдан умумий фойдаланишни таъминлаш ва беморларнинг фикр-мулоҳазалари асосида шаффоф ҳисобдорлик механизмларини яратишга чақирди.