
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари учун транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қопланади, деб хабар беради Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги қарорига таяниб.
Президентнинг 2024 йил 18 июлдаги қарорига кўра, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Автобуслар ва шахсий автомобилларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мослаштириш учун компенсациялар Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилиши режалаштирилган эди.
Ҳукумат регламентни тасдиқлади. Компенсация суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача (11,25 млн сўм) бўлади.
Бундай қўллаб-қувватлаш қуйидагиларга татбиқ этилади:
- 2024 йил 1 октябргача шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича тендерларда ғолиб чиққан тадбиркорларнинг автобусларига;
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс номига расмийлаштирилган ва унинг шахсий фойдаланишида бўлган битта шахсий автомобилга.
Тадбиркорлар автобусларини қайта жиҳозлаш деб қуйидагилар тан олинади:
- йиғилувчи пандус (1 дона);
- аудио ва визуал хабар бериш учун монитор (1 дона);
- овоз кучайтиргич (кўпи билан 3 дона);
- микрофон (1 дона);
- алоқа тугмаси;
- бекатлар ҳақида маълумот берувчи табло (1 дона).
Шахсий автомобилларга келсак, компенсация тормоз ва газ педалларини қўл бошқарувига қайта жиҳозлаш, шунингдек, механик узатмалар қутисини автоматикка алмаштириш учун назарда тутилган.
Ариза берувчилар «Инсон» марказларига ёки «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри» ахборот тизими ёхуд ЯИДХП (my.gov.uz) орқали автомобилни талабларга мувофиқ қайта жиҳозлаган кундан бошлаб 90 кун ичида мурожаат қилишлари керак. Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигига хизматни 2025 йил 1 августгача ишга тушириш топширилди.