
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича қатор режаларни эълон қилди.
Туристлар оқими ортиб бораётгани авиация ва темир йўлларда йўловчи ташиш қувватларини икки баравар оширишни талаб этмоқда, деди президент.
Авиақатновлар
2026 йилда маҳаллий авиакомпаниялар ҳаво паркидаги самолётлар сони 120 тага етиши керак. Ҳозирда уларнинг сони 100 тадан ортиқ. Октябрь ойида давлат раҳбари яқин беш йил ичида бу кўрсаткич 180 тага етказилиши кераклигини маълум қилган эди.
Ички авиақатновлар ҳажмини ошириш мақсадида янги субсидиялаш тизими жорий этилади. Эндиликда субсидиянинг белгиланган миқдори чипта нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун ажратилади. Бу чипталар нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Учувчилар, самолётларга хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳамда аэропортларни бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги малакали мутахассисларни тайёрлаш учун Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади, деди президент.
Темир йўллар
Темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. 2026 йилда шаҳарларни юқори тезликдаги поездлар билан боғлаш учун яна 500 км темир йўл қурилиши бошланади.
2026 йили Бўка, Пскент, Бекобод, Боёвут туманларини, шунингдек, Нурафшон шаҳрини пойтахт билан боғлайдиган 110 км узунликдаги темир йўл тармоғи қурилади.
Тошкент-Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи поездлари учун янги темир йўл линияси қурилиши бошланади.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Навоий вокзаллари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга берилади.
Автомобиль йўллари
Президент БМТ маълумотларига таяниб, сифатли автомобиль йўллари иқтисодиётнинг камида 2 фоизга ўсишига хизмат қилишини таъкидлади.
У йўллар сифатини яхшилаш ва уларнинг транзит имкониятларини ошириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилишини маълум қилди.
Андижонни Қўнғирот билан, Тошкентни Термиз билан, Самарқандни Шаҳрисабз билан ва Олотни Сариосиё билан боғлайдиган 4000 км узунликдаги магистрал йўллар халқаро стандартларга мос келадиган автобанларга айлантирилади, деди Шавкат Мирзиёев.
2026 йилда Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги 300 км умумфойдаланувдаги йўлларни реконструкция қилиш ишлари якунланади.
Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Андижон, Тошкент-Бўстонлиқ, Пунгон-Наманган ва Қарши-Шаҳрисабз йўналишлари бўйича 800 км тезюрар автомагистраллар қурилиши бошланади.
Бундан ташқари, қонунчилик даражасида йўлларни лойиҳалашда аҳоли фикрини ҳисобга олиш, транспортнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва пиёдалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш талаблари белгиланади, деб хабар берди президент.

