
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода ўтиш даври маъмуриятини тузиш ва халқаро кучларни жойлаштиришни назарда тутувчи АҚШ таклиф этган резолюцияни маъқуллади, деб хабар бермоқда CNN
Резолюция учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзо давлатидан 13 таси овоз берди, яна икки давлат — Россия ва Хитой бетараф қолди.
CNN қайд этишича, резолюция АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо сектори бўйича 20 банддан иборат режасига халқаро қонунийлик беришга қаратилган. Режанинг айрим қоидалари октябрь ойида Ғазода кучга кирган ўт очишни тўхтатиш режимининг асосини ташкил этди.
Резолюция режанинг баъзи бандларини, жумладан, ўтиш даври ҳокимияти органи сифатида «Тинчлик кенгаши»ни ташкил этиш ва Ғазода вақтинчалик Халқаро барқарорлик кучларини (ХБК) жойлаштиришни тасдиқлайди.
Ҳужжатда айтилишича, «Тинчлик кенгаши» Исроилнинг асосий талаби бўлган ҲАМАС ва бошқа гуруҳларни қуролсизлантириш ва Ғазони қайта тиклашга раҳбарлик қилади.
Трампнинг сўзларига кўра, Кенгаш аъзолари яқин ҳафталарда эълон қилинади. Унга Америка президентининг ўзи раҳбарлик қилиши кутилмоқда.
Резолюцияда Фаластин давлатини яратиш истиқболи ҳам тилга олинган, бироқ муддатлари кўрсатилмаган. «Ислоҳотлар дастури (Фаластин маъмуриятининг) виждонан амалга оширилгандан ва Ғазони қайта тиклаш жараёни илгарилагандан сўнг, ниҳоят, Фаластиннинг ўзини ўзи белгилаш ва давлатчилиги учун ишончли йўлга шарт-шароитлар яратилиши мумкин», — дейилади ҳужжатда.
Ғазони назорат қилувчи Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини рад этди, ҳужжат Фаластин халқининг ҳуқуқлари ва талабларига риоя қилмаслигини маълум қилди, деб ёзади BBC News.
ҲАМАС баёнотида Трамп режаси «Ғазо секторига халқаро васийлик механизмини жорий этади, буни халқимиз ва унинг фракциялари рад этади», дейилади.
«Халқаро кучларга Ғазо сектори ичида, шу жумладан қаршиликни қуролсизлантириш бўйича вазифа ва ролларни юклаш, бу кучни унинг бетарафлигидан маҳрум қилади ва уни ишғолни қўллаб-қувватловчи можаро томонига айлантиради», — дея баёнот берди ҲАМАС.
Исроил 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС ҳужумидан сўнг Ғазода уруш олиб бормоқда, натижада камида 1200 киши ҳалок бўлган, яна 200 га яқин киши гаровга олинган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш давомида 69,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
АҚШ 2025 йил сентябрь ойи охирида Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини тақдим этди. У 20 бандни ўз ичига олади ва барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиш, агар ҲАМАС аъзолари секторни тарк этса, уларни амнистия қилиш, шунингдек, халқаро кучларни киритиш ва ташқи маъмуриятни ташкил этишни назарда тутади. Октябрь ойида Исроил ва ҲАМАС тинчлик режасининг биринчи босқичи доирасида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. ҲАМАС Исроилга охирги тирик гаровга олинганларни (жами 20 киши) ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтарди. Исроил бунга жавобан 2000 га яқин фаластинликни озод қилди, уларнинг бир қисми Исроил қамоқхоналарида эди.

