
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ манфаатларига зид бўлган БРИКС сиёсатини қўллаб-қувватловчи давлатларга 10 фоизлик қўшимча бож тўловлари жорий этилишидан огоҳлантирди.
«АҚШга қарши БРИКС сиёсатига амал қиладиган ҳар қандай давлатга 10% миқдорида ҚЎШИМЧА бож солинади. Бу сиёсатда истиснолар бўлмайди», — деб ёзди Трамп 7 июль куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
БРИКС (инглизча BRICS — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР каби давлатларнинг бош ҳарфлари) 2006 йил июнь ойида ташкил этилган. Яқинда ташкилотга Индонезия, Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эфиопия ҳам қўшилди. Ташкилотнинг ҳамкор давлатлари қаторига Ўзбекистон ҳам кирадиган 10 та давлат мавжуд.
Трампнинг баёноти 2025 йил 6-7 июль кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган БРИКС саммити фонида янгради. Ташкилот давлатлари раҳбарлари қўшма декларацияда «бир томонлама тариф ва нотариф чораларнинг ўсиши»дан «жиддий хавотир» билдириб, шу тариқа АҚШ президентининг савдо сиёсатини танқид қилдилар, деб ёзади Reuters.
Трамп аввал ҳам БРИКС давлатларига санкциялар билан таҳдид қилган эди. 2025 йил январь ойида у, агар улар долларга муқобил сифатида ўз валютасини яратиш режаларидан воз кечмасалар, бирлашма давлатларига «100% бож тўловлари» жорий этиш ва АҚШ иқтисодиётига киришни чеклашни ваъда қилган эди.